Коррупцияга қарши кураш ташкилоти аъзолари Россияга қарши нефт санкцияларини четлаб ўтган 52 Британия фирмасига нисбатан жиноий иш ҳалигача кўриб чиқилмаганлигидан норози — BBC.
"Деярли икки йилдирки, Британия ҳукумати Россияга қўйилган нефт санкцияларини четлаб ўтишда шерикликда гумон қилинган компанияларни текширмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч ким жазоланмади", дея маълум қилди BBC тадқиқотчи журналистлари.
2022 йил декабр ойида G7 давлатлари Россия нефтининг денгиз орқали импорт қилинишига эмбарго жорий қилди ва нефт нархининг юқори чегарасини бир баррел учун 60 доллар қилиб белгилади. Шу тартибда G7 мамлакатлари фирмаларига, агар бир баррел нархи 60 доллардан ошса, Россия Федерациясидан нефт етказиб берилишининг исталган босқичида иштирок этиш тақиқланди.
BBC'нинг маълум қилишича, Буюк Британия молия вазирлиги 2022 йил декабридан бери ушбу тақиқни бузиб келган 52 компанияга нисбатан тергов очган. Жорий йилнинг август ойигача 15 та иш бўйича тергов ниҳоясига етди, бироқ ҳеч кимдан жарима ундирилмади. Бошқа тарафдан эса, вазирликнинг махсус бўлинмаси – Молиявий санкциялар бюроси санкциялар режимини таъминлаш учун 60 миллион евро олди.
Global Witness коррупцияга қарши ташкилотининг нефт тадқиқотлари бошлиғи Луис Уилсон Молия вазирлиги санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этганлик учун ҳали ҳеч кимни жазоламаганидан норозилик билдириб, қатъийроқ чоралар кўришга чақирмоқда. "Агар Буюк Британия ҳукумати Британия фирмаларининг Путиннинг фойдасига хизмат қилишга алоқадорлигига чек қўйса, менимча, бошқалар ҳам шунга эргашади", — деди Уилсон интервьюда.
Бироқ, Молия вазирлиги бундай текширувлар мураккаб ва кўп вақт талаб қиладиган жараён эканлигини таъкидламоқда.