Дунёда коронавирусга қарши вакциналар туфайли 9 нафар янги миллиардер пайдо бўлди. Ушбу миллиардерлар орасида BioNTech, Moderna ва CanSino Biologics компаниялари раҳбарлари бор бўлиб, уларнинг умумий бойлиги 19 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда, деб ёзади Кун.
“9 нафар янги миллиардернинг умумий бойлиги 19,3 млрд долларни ташкил қилиб, бу сумма паст даромадли давлатлардаги барча аҳолини 1,3 марта тўлиқ эмлаш учун етади. Бироқ ушбу давлатларда дунё аҳолисининг 10 фоизи яшаса-да, улар тақчиллик сабабли вакциналар умумий ҳажмидан бор-йўғи 0,2 фоизинигина олган”, деб айтилган People's Vaccine (Халқ вакцинаси) ташкилотида. Ушбу ташкилотга 9та ноҳукумат ташкилоти, жумладан, Amnesty International, Oxfam ва UNAIDS киради.
Қуйида вакциналар ортидан миллиардер бўлган кишилар рўйхати келтирилган:
Яна 8 нафар амалдаги миллиардер коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчи фармацевтик компанияларга киритган сармоялари эвазига ўз бойликларини умумий ҳисобда 32,2 млрд долларга кўпайтира олган.
Oxfam халқаро ташкилотининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича менежери Анна Марриоттнинг таъкидлашича, “ушбу миллиардерлар фармацевтик компаниялар монополиядан оладиган улкан даромаднинг инсоний қиёфаси” ҳисобланади.
“Бу вакциналар давлат маблағлари ҳисобига молиялаштирилган ва авваламбор даромад олиш учун хусусий эмас, балки глобал бойлик бўлиши лозим. Биз вакциналарни кўпроқ ишлаб чиқариш, нархларни пасайтириш ва дунё аҳолисини эмлай олиш учун ушбу монополияларга чек қўйишимиз керак”, деб таъкидлаб ўтган Марриот.
Айни вақтда дунёда ишлаб чиқарилган дастлабки 1 млрд доза вакцинанинг 80 фоизи бой давлатлар аҳолиси ўртасида тақсимланган. Ночор давлатларга эса ушбу миқдордан бор-йўғи 1 фоиздан кўпроғи етиб борган.