Бош прокуратура томонидан коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ҳолатлари Сурхондарё вилояти мисолида ўрганилди.
Маълум бўлишича, вилоятда жами 2868 нафар шахслар карантинга олинган, 44 нафар шахсда коронавирус инфекцияси аниқланган, 43 нафари тузалган ва 1 нафар шахс вафот этган.
Карантин тадбирларига 235 нафар шифокор, 459 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 155 та кичик тиббиёт ходимлари ҳамда 139 та бошқа ходимлар жалб этилган.
Бу борада муайян ишлар амалга оширилган бўлсада, тадбирга жалб этилганларга рағбатлантириш маблағлари ўз вақтида берилмасдан келинаётганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармонига асосан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий этилиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан тасдиқланган вақтинчалик Низомга кўра кунлик қўшимча тўловлар ҳар 5 кунда тўланиши белгиланган.
Ўрганишлар – вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарлари томонидан тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ҳақидаги буюртмаларни молия органларига ўз вақтида берилмаганлиги сабабли, рағбатлантириш маблағлари тўланмаганлигини кўрсатди.
Ўрганиш давомида:
– 01.05.2020 йил ҳолатига 1473 нафар ходимга 2,5 млрд. сўмлик рағбатлантириш маблағлари тўлаб берилмаганлиги;
– 01-15.05.2020 йил ҳолатига 1 264 нафар ходимга 1,6 млрд. сўмлик рағбатлантириш маблағини молиялаштириш ва тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекциясини тарқалишига қарши курашишга жалб қилган тиббиёт ва санитария-эпидимиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–4652-сон қарорига мувофиқ тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови тўланиши белгиланган.
Ўрганиш давомида:
– 01.05.2020 йил ҳолатига 32 нафар ходимга 488,5 млн. сўм махсус тўлов тўлаб берилмаганлиги;
– 01-15.05.2020 йил ҳолатига 48 нафар ходимга 1,011 млрд. сўм махсус тўловни молиялаштириш ва тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилмаганлиги аниқланди.
Бош прокуратуранинг аралашуви билан ўз вақтида тўланмаган 5,6 млрд. сўм рағбатлантириш маблағлари тўлаб берилиши таъминланди ва ортиқча ҳисобланган 302,1 млн. сўм иқтисод қилиб, бюджет маблағи ўзлаштирилиши олди олинишига эришилди.