Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши жиддий тус олмоқда. 10 ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатда касаллик юқтиришнинг 11 042 та ҳолати қайд этилган, улардан қарийб 5400 нафари ўлим билан якунланган.
Reuters агентлигининг ҳукумат маълумотларига таяниб хабар беришича, касаллик мамлакатнинг 26 та провинциясидан саккизтасига тарқалган. Ноябрь ойи бошида Эбола вирусидан ўлим даражаси 51,6 фоизга етган.
Қайд этилишича, мазкур эпидемия Эбола тарқалиши тарихидаги энг йирик ва хавфли эпидемиялардан бири ҳисобланади. У кўлам жиҳатидан фақат 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада кузатилган эпидемиядан кейин иккинчи ўринда турибди. Ўшанда 28 600 нафардан ортиқ одам вирусни юқтирган, 11 мингдан зиёди вафот этган.
Шунингдек, ҳозирги эпидемия Шарқий, Марказий ва Ғарбий Африкада касалланиш ҳолатлари қайд этилгани билан ҳам ажралиб турибди. Бу уни қитъада географик қамрови энг кенг эпидемиялардан бирига айлантирган.