Колумбиядаги Хосе Мария Кордова номли аэропортда эркак ва аёлдан иборат жуфтлик мамлакат ҳудудидан 6 та маймун боласини яширинча олиб чиқишга уринган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Daily Star нашрига таяниб Report хабар берди.
Инцидент 3 май куни юз берган. Хавфсизлик хизмати ходимлари текширув вақтида маймунларни ички кийим орасида топишган.
Топилган жонзотлар орасида икки дона оқ елкали капуцин ва тўрт дона пахтасимон тамарин мавжуд бўлиб, улар йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар қаторига киради. Ҳайвонлар шошилинч равишда Корнер ёввойи табиат жониворларини парваришлаш ва баҳолаш марказига етказилиб, тиббий кўрик ҳамда реабилитация жараёни бошланган.
Колумбия расмийларига кўра, маймунларга уйқуга солувчи дори воситалари берилган бўлиб, уларда суғорилмаслик, озғинлик ва зўравонлик аломатлари аниқланган. Приматлар матоли қопларга ўралган ва оёқ орасида яширилган — бу эса уларнинг ҳолатини янада оғирлаштирган.
Мазкур жуфтлик Доминикан Республикасига йўл олаётган бўлган. Уларнинг фуқаролиги ҳозирча ошкор этилмаган. Уларга нисбатан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат, ёввойи турлар билан ноқонуний савдо ва табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш айбловлари қўйилган.