Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, бу борада тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шунга мувофиқ Ҳукумат томонидан ҳам кейинги йилларда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида “2022- 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш назарда тутилган.
Маълумки, Ҳукуматнинг 2020 йил 14 декабрдаги 781-сон қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган.
Шунга кўра, 2022 йилнинг 18-23 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда бир қатор манфаатдор идора ва муассасалар ҳамкорлигида “Китобсевар миллат” шиори остида II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” ташкил этилмоқда.
Ушбу ҳафталикнинг асосий тадбирлари, хусусан, тантанали очилиш маросими 18 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар, турли тақдимотлар, китоб савдо кўргазма-ярмаркалари, интеллектуал совринли викториналар “Magic City” истироҳат боғида бўлиб ўтади.
Мазкур Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад:
- республика аҳолисининг, шу жумладан, ёш авлоднинг билим олиш, маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, уларни янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ғоялари ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш;
- ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган ютуқларни оммалаштириш;
- ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллаларда, китобхонлик маданиятини, оилавий китобхонлик анъаналарини тарғиб қилиш, ёш авлодни миллий адабиётга, Она-Ватанга юксак муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишдан иборатдир.
Ҳафталик доирасида:
- 100 дан ортиқ нашриётда сўнгги йилларда нашр этилган янги китобларнинг тақдимотлари, ўнлаб таниқли, ёш ва истеъдодли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар бўлиб ўтади;
- китобларнинг мазмун-мундарижасини бойитиш, матбаа сифатини яхшилаш юзасидан муаллифлар, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, китоб графикаси бўйича мутахассис рассомлар, мунаққидлар, ноширлар, матбаачиларнинг кенг китобхонлар оммаси билан бевосита учрашувлари ўтказилади;
- “Меҳр кутубхонаси” ижтимоий лойиҳаси амалга оширилади ва бу орқали республикамиздаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйларининг кутубхоналарига китоблар тақдим этилади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил март ойида олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлашга бағишлаб ўтказилган видеоселекторида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, журналистика, филология, таржимонлик йўналишларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун “меҳнат ярмаркалари” ташкил этилади. Шу орқали уларнинг бандлигини таъминлашга, ноширлик соҳасида “устоз-шогирд” анъанасини ривожлантиришга ва назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашга эришиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Ҳафталик доирасида “Ноширлик ишини янги босқичга олиб чиқиш, нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги амалий семинар, “Кутубхоначилар ва ноширлар ҳамкорлиги”, “Болалар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари”га бағишланган очиқ мулоқотлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, тадбир доирасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга, кутубхоналарда сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган ва мазкур йўналишда юқори натижаларга эришган ходимлар “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Шунингдек, ҳафталик доирасида ташкилотчилар томонидан энг фаол нашриётларни турли номинациялар билан тақдирлаш, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларни, шунингдек, китоб тарғиботчилари ва ижодкорларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилган.
Ташкилий қўмита:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,
Тошкент ш., Навоий кўчаси,30-уй. тел.: +(99871) 244-28-67,244-32-33.