Сенат ялпи мажлисида маҳкумларни ахлоқан тузатиш ва жамиятга мослаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди.
Қонунга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилиши мумкин. Хусусан, Жиноят кодекси 741-модда билан тўлдирилиб, ҳар бир ўқилган китоб учун маҳкумнинг жазо муддати 3 кунга камайтирилиши, бироқ йил давомида кўпи билан 30 кунгача қисқартирилиши белгиланмоқда.
Бунда китоблар Республика маънавият ва маърифат маркази тасдиқлаган рўйхатдан бўлиши шарт. Норма умрбод озодликдан маҳрум этилганлардан ташқари, шартли равишда муддатидан олдин озод қилиниши мумкин бўлган шахсларга татбиқ этилади. Бу ўзгаришлар 13,5 мингдан ортиқ маҳкумга тааллуқли бўлади.
Шунингдек, қонун билан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ҳам тузатишлар киритилди. Йўл безорилиги ёки маст ҳолда транспорт бошқарганлиги учун ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар профилактик ҳисобга алоҳида тоифа сифатида киритилади.
2024 йилда бундай шахслар томонидан 23 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилган, натижада 1 019 йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Уларда 295 киши ҳалок бўлиб, 873 нафар фуқаро жароҳат олган. Шу боис йўл-патруль хизмати ходимлари ва профилактика инспекторлари ўзаро ҳамкорликда назоратни кучайтиради.
Сенаторлар қайд этишича, мазкур қонун маҳкумларни маънавий тузатиш ва уларда жамият қоидаларига ҳурматни шакллантиришга хизмат қилади.