Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Кичиксой — Нурота тоғлари этагидаги туризм қишлоғи

Кичиксой — Нурота тоғлари этагидаги туризм қишлоғи

Навоий вилоятининг Нурота тумани ўзининг бетакрор табиати, бой маданий мероси ва қадимий анъаналари билан сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда. Ана шундай гўзал масканлардан бири — Каттасой маҳалласи ҳудудида жойлашган Кичиксой қишлоғидир. 2026 йил 25 август куни ушбу қишлоққа расман «Туризм қишлоғи» мақоми берилди.

Мазкур мақом ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш, экологик ва этнографик туризмни ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.

Миллий қадриятлар ва замонавий туризм уйғунлиги

Бугунги кунда Кичиксой қишлоғида 20 та оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Сайёҳларга маҳаллий гидлар ҳамроҳлигидаги экскурсиялар, табиат қўйнида сайр қилиш ва қишлоқ ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини берувчи 15 дан ортиқ туристик хизмат тури таклиф этилмоқда.

Ҳудудда йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилган. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун жамоат фойдаланишидаги сузиш ҳавзаси ҳам ташкил этилган.

Бу каби қулайликлар Кичиксойнинг маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Қишлоқ ҳаётига саёҳат

Кичиксойнинг энг муҳим жиҳати шундаки, бу ерда сайёҳлар нафақат гўзал табиатдан баҳраманд бўлишади, балки анъанавий қишлоқ турмуш тарзини ҳам яқиндан ҳис этиш имконига эга бўлишади.

Меҳмонлар сигир ва эчки соғиш жараёнида қатнашиши, табиий сут маҳсулотлари, жумладан, миллий тансиқ таомларимиздан бири — қурсоқни эмас, қурсоқ эмас, қуртни татиб кўриши, тандирда нон ёпиш сирларини ўрганиши мумкин. Шунингдек, гиламдўзлик ва бошқа миллий ҳунармандчилик турлари билан танишиш орқали халқимизнинг асрлар давомида шаклланган урф-одатлари ва маҳоратига гувоҳ бўлишади.

Бундай тажрибалар, айниқса, Ўзбекистоннинг миллий маданияти, анъаналари ва кундалик ҳаётига қизиқадиган хорижий сайёҳлар учун алоҳида аҳамиятга эга.

Нурота тоғлари бағрида фаол дам олиш

Табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришни хуш кўрувчилар учун Кичиксой ва унинг атрофидаги ҳудудлар кенг имкониятларни тақдим этади. Нурота тоғлари этакларида пиёда сайр қилиш, отда саёҳатга чиқиш ва тоғ манзараларидан баҳраманд бўлиш мумкин.

Қишлоқнинг маданий дастурлари эса маҳаллий фольклор жамоаларининг чиқишлари билан янада бойитилган. Бу сайёҳларга ҳудуднинг ўзига хос мусиқаси, миллий санъати ва маданий меросини яқиндан кашф этиш имконини беради.

Туризм орқали янги имкониятлар

Кичиксой қишлоғига «Туризм қишлоғи» мақомининг берилиши ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун ҳам янги имкониятлар яратади. Оилавий меҳмон уйлари, маҳаллий гидлар, ҳунармандлар ва миллий таомлар тайёрловчи аҳоли вакиллари учун туризм қўшимча даромад манбаига айланиши мумкин.

Энг муҳими, бу жараён миллий урф-одатлар, ҳунармандчилик ва анъанавий турмуш тарзини асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.

Кичиксой — шунчаки тоғ этагидаги сокин қишлоқ эмас. Бу ерда табиат гўзаллиги, миллий қадриятлар ва самимий меҳмондўстлик ўзаро уйғунлашган. Қишлоқнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш эса Нурота туманининг туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Киритилди: 15:51 28.10.2026. Ўқилди: 458 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!