Кения ва Россия ўртасида Украинадаги урушга кениялик фуқароларни жалб қилиш билан боғлиқ юзага келган кескинлик ўзаро келишув билан якунланди. 16 март куни Москвада Кения ташқи ишлар вазири Мусалия Мудавади ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ушбу масалага нуқта қўйилди.
Музокаралар давомида Мудавади Кения фуқароларини Россия армиясига мажбуран ёки алдов йўли билан жалб қилиш амалиёти тўхтатилишини маълум қилди. Маълум бўлишича, мингга яқин кенияликка дастлаб фуқаролик соҳасида юқори маошли иш ваъда қилинган, бироқ улар Россияга келгач, ўз хоҳишига қарши тарзда ҳарбий ҳаракатларга сафарбар этилган.
Ҳозирда алдов қурбони бўлган ушбу фуқароларни ватанига қайтариш бўйича махсус режа устида иш олиб борилмоқда.
Февраль ойида Кения парламентига тақдим этилган разведка ҳисоботи мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Унда Россия томонида жанг қилаётган кенияликлар сони расмийлар тахмин қилганидан беш баравар кўп экани (1000 нафарга яқин) қайд этилган.
Кения ташқи ишлар вазири ўринбосари Абраҳам Корир СингОэи ўз фуқароларидан "замбарак ўқи" сифатида фойдаланилишини кескин қоралаб, буни қабул қилиб бўлмас ҳолат деб атаган эди.
Сергей Лавров музокаралар якунида кенияликлар эндиликда "махсус операция"га жалб этилмаслигига розилик берди. Россия томони ҳарбийлар сафидаги кенияликлар у ерга ихтиёрий равишда қўшилганини даъво қилса-да, янги чеклов чораларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
"Кения ва Россия ўртасидаги муносабатлар ушбу мавзудан анча кенгроқ ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка путур етмаслиги лозим", — дея таъкидлади Лавров.