Кенияда юзлаб одамлар АҚШ ва Кения ҳукуматларининг Конго Демократик Республикасида Эбола вирусини юқтирган бўлиши мумкин бўлган америкаликлар учун карантин маркази ташкил этиш режасига қарши норозилик билдирмоқда.
Намойишчилар мазкур лойиҳа маҳаллий аҳоли саломатлиги учун хавф туғдиришини таъкидлаб, уни бекор қилишни талаб қилмоқда.
Норозиликлар Кения Олий суди карантин марказини ташкил этишни вақтинча тўхтатиб, хорижий беморларни мамлакатга олиб келишни тақиқлаганидан кейин бошланди. Суд қарори Кения Ҳуқуқ Жамияти томонидан киритилган даъво асосида қабул қилинди. Даъвони маҳаллий фаоллар, шифокорлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам қўллаб-қувватлаган.
Бироқ суд қарорига қарамасдан, Кения ҳукумати марказни ишга туширишга тайёргарликни давом эттирмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Аден Дуале карантин ҳудуди «барча учун мўлжаллангани»ни айтиб, жамоатчилик хавотирларини юмшатишга уринди.
Шунга қарамай, танқидчилар мазкур муассаса айнан АҚШ фуқароларини эвакуация қилиш ва қабул қилиш учун махсус ишлаб чиқилган ҳамда молиялаштирилганини таъкидламоқда.
Масала бўйича навбатдаги суд мажлиси 2 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.