Сўнгги маълумотларга кўра, 10 октябрдаги музокараларда Озарбойжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди. Ўт очиш 10 октябрь соат 12:00дан бошлаб тўхтатилади.
Москвада икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Жайхун Байрамов ва Зограб Мнацаканян ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича оташкесим тўғрисида битим имзоланди.
mfa.gov га асосланиб "kun.uz"нинг хабар беришича, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров воситачилигида уларнинг учрашуви ёпиқ шаклда бўлиб ўтди ва ўн соатдан кўпроқ давом этган.
“Томонлар қуйидагиларни келишиб олишган:
1) Ҳарбий асирларни ва ушлаб турилган бошқа шахсларни ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмаштириш ва Халқаро қизил хоч мезонларига мувофиқ гуманитар мақсадларда 2020 йил 10 октябрь соат 12:00дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади;
2) Оташкесим тартибининг ўзига хос параметрлари қўшимча равишда келишилади;
3) Озарбойжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида, келишувнинг асосий тамойиллари асосида, иложи борича тезроқ тинч йўл билан келишувга эришиш мақсадида музокараларни бошлайди;
4) Томонлар музокара жараёни шаклининг ўзгармаслигини тасдиқлайдилар”, – дейилади Сергей Лавров томонидан уч томонлама маслаҳатлашувлар натижалари бўйича ўқиб эшиттирилган баёнотда.
Тоғли Қорабоғдаги уруш 27 сентябрда бошланди. Озарбойжон ва Арманистон қўшинлари ўртасида жанглар фронтнинг бир нечта қисмида олиб борилмоқда. Дронлар, артиллерия, оғир техника ва ракета тизимларидан фойдаланилди. Фронтнинг иккала томонидан ҳам тинч аҳоли ўққа тутилди, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди.