Наманганда карантинга тушиб қолган банкирни ҳақоратлаган ички ишлар органи ходими бугун хизматдан ҳайдалган.
Кеча каналимизда эълон қилинган видео бўйича Наманган вилояти ИИБ ўрганиш олиб борган. Аниқланишича, 11 апрелда Наманган шаҳар Халқ банки ходими коронавирус аломатлари бор деб гумон қилинган. Бунгача у 1 апрелдан 11 апрелгача Наманган шаҳрининг 6 та маҳалласида пул тарқатган.
Шу боис бу ҳудудларда ИИБ ходимларидан иборат 6 та гуруҳ тузилган ва нафақа олган фуқаролар карантинга ўтказилган. Бироқ Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходими ўзини ва гуруҳ аъзоларини видеотасвирга олиб, карантин ҳолати эълон қилинганини била туриб, аҳоли орасида ваҳима чиқарувчи ҳамда банк ходимига нисбатан обрўсизлантирувчи ва асоссиз маълумотларни сўзлаб, 39 сонияли видеотасвирни мессенжер орқали танишига юборган.
ИИБ ходими “Ички ишлар органларида хизмат ўташ тартиби тўғрисида”ги низом талабларининг 144-банди “и”, “к” кичик бандларига мувофиқ хизмат интизомини қўпол равишда бузгани ҳамда ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этгани учун ИИО хизматидан бўшатилган.
Айни пайтда унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.