Туркия ўзининг бетакрор табиати, бой маданий мероси ва кенг сайёҳлик имкониятлари билан халқаро ташкилотларнинг йиллик йиғилишлари ва учрашувларини ўтказиш учун жозибадор манзилга айланган. Йирик тадбир масканлари ва юксак даражадаги меҳмондўстлик ўлканинг бу борадаги нуфузини янада оширмоқда. Хусусан, дунёдаги энг йирик саргузашт туризми тармоғи – Саргузашт саёҳатлари савдо ассоциацияси (Adventure Travel Trade Association - ATTA) 16–19 октабр кунлари бошқарув кенгаши йиғилишини Туркиянинг дунёга машҳур Каппадокия ҳудудида ўтказди.
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги раҳбарлигида, Туркия Туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлиги (ТГА) мезбонлигида ҳамда Туркиш Аирлинес авиакомпанияси кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда АТТА бошқарув кенгаши раҳбарлари, аъзолари ва жаҳон туризм соҳаси етакчилари иштирок этди. Ҳудуднинг мафтункор табиати ва очиқ ҳавода фаол дам олиш имкониятлари саргузашт туризмининг ўзига хос руҳини яққол акс эттиради.
1990-йилда ташкил этилган АТТА бугунги кунда саргузашт туризми соҳасидаги етакчи халқаро тармоққа айланган. Айни пайтда уюшма дунё бўйлаб 100 мингдан ортиқ мутахассисни, жумладан, туроператорлар, меҳмонхоналар, саёҳат маслаҳатчилари, туризм ташкилотлари, сайёҳлик йўналишларини тарғиб қилиш ва бошқарувчи тузилмалари, туризм жиҳозлари ишлаб чиқарувчи ва технологик компаниялар, суғурта ташкилотлари ҳамда соҳавий ОАВ вакилларини бирлаштиради. АТТА саргузашт туризмининг барқарор ва масъулиятли ривожланиши, соҳалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда сайёҳлик йўналишларининг халқаро миқёсдаги танилишида муҳим ўрин тутади.
АТТА раҳбариятининг йиғилиш учун Каппадокияни танлаши Туркиянинг саргузашт туризми соҳасидаги халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради. Ташриф давомида делегация аъзолари ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти ва саргузашт туризми имкониятлари билан бевосита танишди. Дастур доирасида Каппадокиянинг манзарали водийлари бўйлаб электр велосипедларда саёҳат ташкил этилди. АТТА бошқарув кенгаши раиси Эрик Блачфорд эса 16–18-октабр кунлари бўлиб ўтган, Туркиянинг тоғ ва сўқмоқ йўллар бўйлаб югуриш бўйича муҳим мусобақаларидан бири саналган Salomon Cappadocia Ultra Trail пойгасида шахсан иштирок этди.
Дастурнинг муҳим тадбирларидан яна бири 18-октабр куни ўтказилган Б2Б форматидаги ишбилармонлик учрашуви бўлди. Унда маҳаллий саргузашт туризми операторлари, меҳмонхона вакиллари ва ҳудудий ҳамкорлар АТТА бошқарув кенгаши аъзолари билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ва янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.
АТТА бошқарув кенгаши йиғилиши Туркиянинг саргузашт туризми соҳасидаги салоҳиятига бўлган халқаро ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик имкониятларини жаҳон туризм соҳаси етакчиларига таништиришда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу учрашув келгусида Elevate Europe va World Summit каби АТТАнинг йирик халқаро тадбирларини Туркияда ўтказиш бўйича стратегик ҳамкорликка йўл очиши кутилмоқда.
Каппадокия: табиат, тарих ва саргузашт уйғунлиги
Туркиянинг энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири бўлган Каппадокия қадимий тарихи ва кенг саргузашт туризми имкониятлари билан ажралиб туради. Минг йиллар давомида шамол ва сув таъсирида шаклланган вулқон водийлари ҳамда машҳур сеҳрли мўрилари йил давомида саёҳат қилиш учун ажойиб шароит яратади. Манзарали водийлар бўйлаб пиёда саёҳатлар, электр ва тоғ велосипедларида мураккаб йўналишларни босиб ўтиш, от сайрлари ҳамда ҳаво шарида парвоз қилиш орқали сайёҳлар ҳудуднинг беназир табиатини турли жиҳатдан кашф этишлари мумкин.
Каппадокия ўзининг юксак даражадаги меҳмондўстлиги билан ҳам ажралиб туради. Ўзига хос муҳитга эга ғор-меҳмонхоналар ва Мичeлин қўлланмасидан ўрин олган гастрономик масканлар сайёҳларга мароқли ҳордиқ чиқариш имконини беради. Маҳаллий таомлар ва бой маданий мерос эса бу ердаги саргузаштларга бой саёҳатларга ўзгача мазмун бағишлайди.