BBC нашрининг хабар беришича, 19 октябр куни алберталиклар Канададан ажралиш бўйича асосий референдумни ўтказиш керакми ёки йўқ, деган масалада овоз беради. Ушбу овоз бериш Албертанинг дарҳол мустақил бўлишини англатмайди. Референдумда келажакда мустақиллик бўйича алоҳида, юридик кучга эга референдум ўтказиш масаласи ҳал қилинади. Сўнгги сўровларга кўра, Алберта аҳолисининг қарийб 70 фоизи Канададан ажралиб чиқишга қарши, тахминан чорак қисми эса мустақилликни қўллаб-қувватламоқда.
Канада бош вазири Марк Карни Калгари шаҳрида ўтказилган митингда референдум мамлакат учун ноқулай пайтда ташкил этилганини айтиб, аҳолини унга қарши овоз беришга чақирди.
"Мамлакатимиз ташқарисидаги айрим кишилар бизни бўлиб ташлаш ва ўзларига бўйсундиришга ҳаракат қилмоқда", — деди Марк Карни Калгаридаги митингда.
Референдумда Алберта аҳолисига жами ўнта савол берилади. Уларнинг тўққизтаси асосан маҳаллий ҳокимият ваколатларига, ўнинчиси эса мустақилликка тааллуқли. Асосий саволда Алберта Канада таркибида қолиши керакми ёки ҳукумат мустақиллик бўйича юридик кучга эга референдум ўтказиш жараёнини бошлаши кераклиги сўралади.
Алберта ҳукумати раҳбари Даниел Смит мустақиллик ҳақидаги саволни май ойида референдумга киритган. Бунга ажралиш тарафдорлари томонидан тўпланган қарийб 300 минг имзоли петиция сабаб бўлган. Смитнинг ўзи Канададан ажралишга қарши. Унинг айтишича, референдум аҳолига бу масалада ўз фикрини билдириш имконини беради.
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Канадага нисбатан сиёсати ҳам Алберта мустақиллиги атрофидаги баҳсларга сабаб бўлмоқда. АҚШ молия вазири Скотт Бесcент Албертани Қўшма Штатларнинг “табиий ҳамкори” деб атаган. Мустақиллик тарафдори бўлган Alberta Prosperity Project ташкилоти вакиллари эса бир неча бор АҚШ Давлат департаментида учрашувлар ўтказган. Globe and Mail газетаси ташкилот етакчиси Митч Силвестр ва унинг жамоаси Республикачилар партияси вакиллари билан ҳам алоқада бўлганини ёзган.