Москванинг Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатишга маълум муддат давомида чекловлар жорий этилган. Маълумотларга кўра, Москва аэропортларида дронлар ҳужуми хавфи сабаб камида 423 та рейс кечиктирилган.
Тунда Санкт-Петербургдаги Пулково аэропорти ҳам ёпилган. Бу ерда чекловлар фақат эрталабки соат 9 га келиб олиб ташланган. “Фонтанка” нашрининг хабар беришича, тунда учиши керак бўлган 37 та рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган, шунингдек, аэропорт тўққизта рейсни қабул қила олмаган.
"Йўловчиларнинг кўпчилиги тўғридан-тўғри пол устида ухлаган. Баъзи одамлар рейсларини 13 соатдан кўпроқ вақт давомида кутган", дея хабар берди маҳаллий оммавий ахборот воситалари.
Октябр ойида Москва аэропортларидаги тўхталишлар кўпайди. “Агентство” нашрининг ҳисоблашича, ойнинг дастлабки икки ҳафтаси мобайнида тўртта аэропортдаги ёпилишлар вақти жами 101 соатни ташкил этган, сентябрда бу кўрсаткич 46 соатга тенг бўлганди. 14 октябрга ўтар кечаси Москвадаги аэропортларнинг барчаси бир вақтда ёпиқ бўлиши бўйича рекорд даражада етти соатлик кўрсаткич қайд этилган.