Канада ва АҚШ ўртасида узоқ давом этиши мумкин бўлган уруш тайёрланмоқда.
Канада АҚШдан импорт қилинадиган қатор маҳсулотларга 15 фоиздан 50 фоизгача бўлган жавоб тариқасидаги божларни жорий қилди. Янги тарифлар умумий қиймати қарийб 20 миллиард долларга баҳоланаётган Америка товарларини қамраб олган.
Божлар пўлат, мебель, кийим-кечак ва бошқа кўплаб маҳсулотларга нисбатан қўлланади. Канада ҳукумати бу чораларни АҚШнинг савдо сиёсатига жавоб сифатида кўрмоқда.
Айни пайтда АҚШ ва Канада расмийлари икки давлат ўртасида келишувга эришиш истагида эканини билдирмоқда. Бироқ август ойи охирида музокаралар тўхтаб қолганидан кейин уларни қайта тиклаш бўйича ҳозирча сезиларли силжиш кузатилмаяпти.
Сўнгги кунларда АҚШ президенти Дональд Трамп Канадага нисбатан танқидий баёнотлар билан чиқди. У дам олиш кунлари икки давлат ўртасидаги валюта курсини «мақбул эмас» деб атади.
Душанба куни эса Трамп Канада авиасозлик компанияси Bombardier’га нисбатан ҳам кескин позиция билдирди. У компания ишлаб чиқаришни АҚШ ҳудудига кўчирмаса, ўз самолётларини Америка бозорида сота олмаслигини айтди.
Янги тарифларнинг жорий этилиши Вашингтон ва Оттава ўртасидаги савдо муносабатларидаги кескинлик янада кучайганини кўрсатмоқда. Томонлар келишувга эришиш истагини билдирса-да, ҳозирча музокараларни қайта бошлаш бўйича аниқ натижа йўқ.
Канада ҳукумати эса АҚШ билан савдо зиддияти узоқ давом этиши мумкин бўлган сценарийга тайёргарлик кўрмоқда.