Бугун 19 октябрь, 2019 йил, шанба

O'ZB

“Камолон” маҳаллласидаги қотиллик бўйича Бош прокуратура ахборот берди

“Камолон” маҳаллласидаги қотиллик бўйича Бош прокуратура ахборот берди

Кечадан буён ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг "Камолон" маҳалласида содир бўлган қотиллик хусусида турли хабарлар тарқамоқда. Шу муносабат билан Бош прокуратура матбот хизмати ушбу ҳолат бўйича ахборот берди.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари, адлия маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 5 октябрь куни тонгга яқин Тошкент шаҳар ИИББ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Шайхонтоҳур тумани, Катта боғ МФЙ, Киркий кўчаси, 8-уйнинг ётоқхонасидан, шу хонадонда истиқомат қилиб келган А.А.нинг мурдаси бўйин соҳасидан дазмол шнури билан буғилган холатда топилган.

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А.А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан бўғилишидан келиб чиққан механик асфикция натижасида юз берганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 05.10.2019 йилда Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, А. А.ни ўз турмуш ўртоғи К. А. ( ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабаб) қасддан ўлдириш мақсадида қариндоши О.Х. билан жиноий тил бириктиради.

Жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида, О.Х. қотиллик содир этилишидан бир неча соат аввал ( 2019 йил 04 октябрь куни соат 19 .00.ларда) юқори манзилда қайд этилган хонадонга яширин равишда кириб, уйнинг меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб, қулай фурсатни кутади.

Ниҳоят, соат 00.30.лар атрофида (2019 йил 05 октябрга ўтар кечаси) А.А. ухлаган деб ўйлаб, ётоқхонага киради, бироқ у уйғоқ бўлгани сабаб унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар беради. Сўнг олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлайди. А.А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, ёрдамга чақира бошлаган вақтда ўз хотини К. А. юз қисмига ёстиқ босиб, эрининг нафас йўлларини беркитиб, мудҳиш жиноятга кўмаклашади.

А.А.нинг жони узилгач, О.Х. марҳумга тегишли 2 та уяли телефон аппарати, 500 АҚШ доллари ва 110.000 сўм пулларини ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги К.А.га тегишли 1 дона уяли телефон аппарати ва тилла тақинчоқларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. К.А. эса жинояти фош этилишини олдини олиш ва жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини ўйғотган.

Тергов давомида О.Х.нинг яшаш хонадонида (Учтепа тумани, Лолазор кўчаси) ўтказилган тинтув давомида марҳумнинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Айни пайтда О. Х. ва К. А. жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «п» банди билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Киритилди: 20:55 10.10.2019. Ўқилди: 1665 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!