Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Яқин Шарқдаги вазият Россия ва Украина ўртасидаги можаро билан боғлиқлигини таъкидлади.
Каллас бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, G7 ташқи ишлар вазирларининг бўлажак учрашувида нафақат Яқин Шарқдаги кескинликни пасайтириш йўллари, балки Украинадаги вазият ҳам муҳокама қилинади.
"Яқин Шарқ ва Украинадаги урушлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. G7 ҳамкорларимиз билан биргаликда биз Яқин Шарқдаги кескинликни пасайтиришга қандай ёрдам беришни муҳокама қиламиз, чунки уруш оқибатлари бутун дунёда кескин сезилмоқда", дейилади нашрда.
"Шу билан бирга, биз Украинани эътиборсиз қолдиролмаймиз. Россиянинг тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлари кун сайин кучайиб бормоқда. Биз Россияни бу урушни тугатиш ва виждонан музокара олиб бориш учун босим ўтказишда давом этишимиз керак", деб таъкидлади Каллас.