Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Жиззахда тунги клубларнинг 500 га яқин реклама ролиги қонунга зид деб топилди

Жиззахда тунги клубларнинг 500 га яқин реклама ролиги қонунга зид деб топилди

Жиззахдаги тунги клубларнинг ижтимоий тармоқларга жойлаштирган 500 га яқин реклама роликлари қонун талабларига зид деб топилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, қўмитанинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2026 йилнинг сентябрь–октябрь ойларида Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган тунги клубларнинг ижтимоий тармоқларга жойлаштирган рекламалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Хусусан, Jizzax Leader Food МЧЖ ҳамда “Азиз боғишамол клуб” МЧЖга қарашли тунги клубларнинг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифаларига жойлаштирилган реклама материаллари таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида мазкур саҳифалардаги 500 га яқин видеороликда миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига зид бўлган тасвир ва образлардан фойдаланилгани аниқланди.

Ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат марказининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат қилинди. Улар томонидан тақдим этилган хулосага мувофиқ, мазкур рекламалар “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси талабларига зид экани белгиланди.

Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида ҳар икки тунги клубнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларидаги қонунчилик талабларига зид реклама материаллари олиб ташланди.

“Натижада мазкур саҳифаларнинг жами 120 мингдан ортиқ обуначиси номақбул реклама материаллари таъсиридан ҳимояланди”, дейилади қўмита хабарида.

Рақобат қўмитаси реклама тарқатувчилар ва реклама берувчиларни амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга, реклама материалларини жойлаштиришда миллий қадриятлар ҳамда жамиятда эътироф этилган ахлоқ нормаларини инобатга олишга чақирди.

Киритилди: 14:45 16.11.2026. Ўқилди: 673 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар