Баҳорнинг ғанимат кунларида юртдошларимиз кўчат экиб, боғ яратиш учун тиним билмаяптилар. Йўл бўйларида, маҳаллалар марказларида кўчатлар савдоси ташкил этилган бўлиб, Ўрмон хўжаликлари томонидан туман (шаҳар)лар ҳудудларида 20 хил турдаги 600 мингдан ортиқ кўчатлар етказиб берилган.
Жиззах давлат ўрмон хўжалигида айни кунларда иш жуда қизғин. Чунки “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсумидан буён ҳозирга қадар Шароф Рашидов туманидаги Оқтош ота маҳалласи ҳудудида 35 гектар ерда боғ яратиш ишлари якунланиши керак. Эътиборлиси, мазкур боғ анъанавий эмас, Туркия ва Хитой тажрибасидан фойдаланилган ҳолда терасса шаклида барпо этилаяпти.
-Иқлимнинг кескин континенталлиги, ёз чилласининг иссиқ келиши ва суғориш билан боғлиқ муаммолар сабаб катта харажат ва меҳнат эвазига экилган кўчатларнинг 50 фоизи кўкариб кетиши ҳам ҳудуд учун ютуқ ҳисобланади, – дейди Жиззах давлат ўрмон хўжалиги бошлиғи Абдукарим Холматов. – Шу сабаб илмий ёндошувлар асосида кўчат экиш усулларини такомиллаштиришга эҳтиёж сезилди. Туркия ва Хитой давлатларида бўлиб, табиий ёмғир сувларидан унумли фойдаланиш, тошлоқ ерда дарахт кўкартириш бўйича янгиликлардан фойдаланган ҳолда республикамизда биринчи бўлиб вилоятимизда терасса усулида боғ яратилди.
Боғ “Янги Ўзбекистон” массивидаги тепаликларда бўлиб, жами 12 минг туп туя, қайрағоч, бодом, писта, ясин, клён каби дарахт турлари ўтқазилган. Терасса усули ёмғир-қор сувларининг тепаликдан пастга шиддат билан оқиб кетмасдан, ҳар бир қаватда йиғилишига ва намликнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ёрдам беради. Ўрмончилар жазирамага ҳам махсус тайёргарлик кўришди. Янги боғ Зарафшон дарёсидан сув ичади. Бунинг учун дарё суви қуйиладиган Туятортар каналидан ажраб чиқувчи Қораянтоқ канали суви йиғиладиган 300 м3 ҳажмдаги сув ҳавзаси барпо этилди. Ушбу сунъий ҳавзада тўпланган сув 400 метргача баландликка кўтарилиб, томчилатиб суғориш йўли орқали ҳар бир кўчатга етиб боради. Шу кунларда суғориш тизими тўлиқ ишга тушади.
Мазкур лойиҳа учун республика бюджетидан 6 млрд сўм маблағ ажратилди. Экилган барча кўчатлар ўрмон хўжалигининг ўзида етиштирилган. Ушбу лойиҳа орқали ниҳолларнинг унувчанлиги 70 фоизга юқори бўлиши кутилмоқда. А.Холматовга кўра, Жиззах тажрибаси айни пайтда Шаҳрисабзда ҳам синаб кўрилаяпти.