Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида йўловчи ташувчи автобус ва йўлларни тозаловчи махсус транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.
Қайд этилишича, ҳолат 30 январь куни соат 13:30 атрофида вилоят ҳудудидан ўтувчи М-39 Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 1000 километрида содир бўлган.
Самарқанддан Тошкент томон ҳаракатланаётган йўловчи ташувчи автобус ўзидан олдиндаги кетаётган йўлларни тозаловчи махсус транспорт воситасининг орқасидан бориб урган.
«Кўрганимдаёқ ўнгга бурилдим. Бўлган иш шу. Тезлигим 70−80 эди чамаси», — деди автобус ҳайдовчиси. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчиларга ҳам, автобус йўловчиларига ҳам жиддий жароҳат етмади. Фақат уч нафар фуқарога биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилди, дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.