Зиёда ёшлигидан педагогика соҳасида ишлашни, ёшларни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшишни ният қилганди. У ўз ниятини амалга ошириш мақсадида, қўшни туманда жойлашган педагогика билим юртини тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган тумандаги мактаблардан бирида ёшларга таълим бера бошлади. Зиёда яқин 10 йилдан бери ушбу соҳада ишласа-да, кўнгли бир нарсадан тўлмасди, яъни маълумоти ўрта-махсус эди. Шундай кунларнинг бирида у яқин танишларидан қўшни Қирғизистон давлатида жойлашган университетда педагогика соҳасида сиртдан ўқиш мумкинлигини эшитиб, ушбу университетда олий маълумотга эга бўлиш имконияти мавжудлигидан қувониб, ўқишга ҳужжат топширди ва дипломга эга бўлди. Энди Зиёдани олдида яна бир муаммо пайдо бўлганди, шунча қийналиб олган дипломини давлатни тегишли ташкилотларида имтиҳон топшириб нострификация қилиш керак эди. Афсуски, бир неча маротаба топширган имтиҳон натижалари салбий чиққанлигини эшитиб, Зиёда руҳан тушкунликка тушганди. Шундай бўлса-да, у ортга чекинмасдан қайта имтиҳон топшириш мақсадида пойтахт сари йўл олди. Йўл узоқлиги сабабли автомашинадаги йўловчилар бир-бири билан суҳбатлашиб, зерикарли йўлни қизиқарли суҳбатлари билан қисқартиришарди. Автомашинадаги ўзини Сардор деб таништирган йўловчилардан бири Зиёданинг нима сабабдан Тошкентга кетаётганлиги билан қизиқди. Дардини кимга айтишни билмай турган Зиёдага бу саволлар туртки бўлиб, ўз бошидан ўтганларни гапириб, дипломини нострификация қилиши кераклигини айтди. Шу пайтда Сардорнинг хаёлидан турли хил васвасалар, Зиёдани алдаб ундан яхшигина ўлжа сифатида фойдаланиши, ушбу вазиятдан унумли фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар ўтди.
У ўзини Халқ таълим бошқармасида ишлашини, уни юқори ташкилотларда танишлари борлигини, қолаверса, бу масала унга нотаниш эмаслиги, яқинда ўзини жиянига тегишли дипломни ҳам нострификация қилиб берганлигини айтиб ўтди.
— Фақат бу иш осон битмаслигини, озгина харажатидан қочмасангиз бўлди, — деб кулиб қўйди Сардор.
Бир неча маротаба имтиҳонлардан ўта олмай умидсизланган, ҳадеб довон ошиб пойтахтга бориб келишдан зериккан Зиёдага ҳам бу таклиф мойдек ёқиб тушди. Фақат энди ўша “озгина харажати” қанчалигини аниқлаш мақсадида Сардорни яна гапга тутди.
— Қанча харажат бўлса, имкон қиламиз, фақат ишимиз битса бўлди, ўзи қанча бўлади? — деб саволомуз қаради.
Ишнинг бунчалик тезлашишини кутмаган Сардор ҳам сир бой бермасдан танишлари билан маслаҳатлашиб кўришини айтди. Шу орада автомашина ҳам пойтахтга етиб келди. Йўловчилар ўз манзилларида бирин-кетин тушиб қолишарди, Сардор ҳам ўз манзилига етай деганда Зиёда билан ҳудди эски қадрдонлардек хайрлашар экан, Зиёдани телефон рақамини олишни ҳам унутмади.
Шу кунни эртасигаёқ Сардор ўз “ўлжаси”нинг телефон рақамини териб, ўзининг “танишлари” билан маслаҳатлашганини айтди.
— Сизни ўзимнинг яқин танишим деб айтдим, аслида, кўпроқ айтишганди, лекин уларни 500 АҚШ долларига кўндирдим, — деб ўзини саховатпеша қилиб кўрсатди.
Зиёда ҳам бунга розилигини билдириб, фақат “пулни гувоҳномани олганимдан кейин бераман” деб қўшиб қўйди ва Сардорни гапларига ишонган ҳолда якуний имтиҳонларни ҳам топширмасдан уйига қайтди. Бир неча кундан сўнг таниш номердан қўнғироқ қилган Сардор “гувохнома тайёр бўлганлиги, пулни олиб келиб гувохномани олиб кетиши мумкинлигини”, айтди. Зиёда “Гувоҳноманинг чап қисмида бўлган махсус белги рангсизлигини кўриб, ҳамкасбларини гувоҳномаларининг чап қисмида яшил белгиси бўлганлигини, уники рангсиз эканлиги тўғрисида эътироз қилиб, буни асли қаерда эканлиги ҳақида сўраганида, гувоҳномани ламинация қилдириб олишини, ҳамманики шунақа эканлигини айтганлигини, шерикларини бунақа эмаслигини айтганида, Сардор зарда қилиб, бирор бир гап айтмай кетиб юборди.
Шундай бўлса-да, Зиёда ушбу гувоҳномани қалбаки эканлигини билгани ҳолда мактабда олий маълумотли ўқитувчи сифатида бир мунча муддат ишлаб юрган кезларида, ҳамкасбларидан бири С.Мажидова Зиёдага ва мактаб директорига Зиёданинг гувоҳномасининг серия рақамларини интернет тармоғлари орқали текширилганда қалбаки бўлиб чиққанлиги ҳақида хабар берди. Юрагига ғулғула тушган Зиёда “эски таниши”га телефон қилиб, гувоҳнома қалбаки эканлиги сабабли қайтариб берворганлигини, унга аслини тўғрилаб беришини айтди. Бу орада мактаб маъмурияти Зиёданинг қилган кирдикорлари юзасидан туман ички ишлар бўлимига хабар беради. Олиб борлиган суриштирувлардан сўнг ҳақиқатдан ҳам Зиёданинг қилган қинғир ишлари ошкор бўлади.
Касални яширсанг, исистмаси ошкор бўлади деганларидек, ўзини қилган ишлари юзасидан Зиёда ва Сардор қонун олдида тегишли жавоб бердилар. Суд, Зиёдани қилган ишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, айбига қисман иқрорлиги ва у бундан тўғри хулоса чиқариб, дипломини нострификацияси бўйича тегишли якуний имтиҳонларини топшриб, ҳозирда ҳақиқий гувоҳномага эга бўлиб олий маълумотга эга бўлган педагог сифатида келажак авлодга таълим беришда давом этаётганлигини ҳисобга олиб, қонунда белгиланган жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинлади.
Илёсжон Усмонов
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси
Шуҳратжон Ахмедов
Жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди раиси