Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) расмий сайтида 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг энг чиройли голи муаллифи номи эълон қилинди. Унга кўра, Кабо-Верде терма жамоаси ҳимоячиси Сидни Кабралнинг Аргентина дарвозасига урган тўпи турнирнинг энг гўзал голи деб тан олинди.
Эслатиб ўтамиз, турнирнинг 1/16 финал босқичида Кабо-Верде қўшимча бўлимларда Аргентинага 2:3 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Ўйиннинг 103-дақиқасида 23 ёшли Кабрал жамоасининг иккинчи голини киритиб, ҳисобни тенглаштирган ва футбол жамоатчилиги ҳамда мухлисларда улкан таассурот қолдирганди.
Африкалик футболчининг ушбу голи мухлислар ўртасидаги овоз бериш жараёнида Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳамда Гаити вакили Вилсон Изидорнинг голларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
«Ўйиндан сўнг менга Марселодан хабар келди. У менинг асосий кумирларимдан бири ҳисобланади. У менга турнирдаги энг яхши гол учун овоз берганини айтди! Бунга ишона олмадим», — деди Сидни Кабрал ўз таассуротлари билан бўлишиб.