14-24 декабрь кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида шахмат бўйича нуфузли Tech Mahindra Global Chess League 2025 турнири бўлиб ўтади.
Учинчи мавсум Global Chess League мусобақасида дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари яна битта суперлига атрофида жам бўлади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси роппа-роса 1 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Жами 6 жамоа ва ҳар бир жамоада 6 нафар шахматчи (камида 2 аёл; камида 1 ёш (U-21) ўйинчи бўлиши шарт) бўлади.
Жамоалар бир-бири билан айланма тизимда икки мартадан ўйнайди. Умумий турларлардан сўнг энг кўп очко тўплаган икки жамоа финалда чемпионлик учун курашади.
Синдаров шахмат афсонаси Вишванатан Ананд, шунингдек, Винсент Кеймер, Ставрула Цолакиду, Полина Шувалова ва Раунак Садҳвани билан биргаликда Ganges Grandmasters жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз Жавоҳир Синдаров куни кеча Жанубий Африка Республикасида якунига етган Freestyle Chess Finals турнирида қатнашиб, 4-ўринни эгаллаганди.