"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола қишки трансферлар даврида таркибни кучайтириш ҳақида гапирди.
Якшанба куни "Челси"га қарши кечган ўйинда (1:1) "шаҳарликлар" бирйўла икки асосий ҳимоячиси - Йошко Гвардиол ва Рубен Диашни йўқотишди. Иккала футболчи ҳам жароҳат туфайли иккинчи бўлим давомида захирага олинди.
"Январдаги янги харидлар? Бу ҳақида ўйламайман. Лекин нима бўлишини кўрамиз. Айтишим мумкинки, Гвардиол ва Диашни йўқотиш - жиддий зарба. Уларнинг жуфтлиги бу мавсумда натижаларга эришишимизга ёрдам берди," - дея жавоб берди Гвардиола журналистлар билан суҳбатда.
7 январь, чоршанба куни "Манчестер Сити" ўз уйида "Брайтон"ни қабул қилади.