Шимолий Корея Россияга беш миллионга яқин артиллерия ўқини сиғдира оладиган контейнерлар юборди. Бу ҳақда Жанубий Корея мудофаа вазири Шин Вон Сик Bloomberg агентлиги билан суҳбатда айтиб ўтди.
Вазирнинг таъкидлашича, Сеул Шимолий Кореядан Россияга камида 10 000 та юк контейнерлари олиб кетилганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин яқин кунларда Пхенянга ташрифи чоғида кейинги таъминотни мувофиқлаштиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Пхенян ҳам Россияга ўнлаб баллистик ракеталарни юборган.
Бунга жавобан Москва Шимолий Кореяга бир нечта жосуслик сунъий йўлдошларини, шунингдек, танклар ва самолётлар каби оддий қуролларни жойлаштириш режаларини амалга оширишда ёрдам бериш учун технологияни топширди, дейилади нашрда.