Бугун 31 май, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Жанубий Африкада ксенофобия кучайди: Ғарбий Африка давлатлари фуқароларини эвакуация қилмоқда

Жанубий Африкада ксенофобия кучайди: Ғарбий Африка давлатлари фуқароларини эвакуация қилмоқда

Ғарбий Африка давлатлари ксенофобия ва зўравонлик ҳолатлари кучайгани сабабли ўз фуқароларини Жанубий Африка Республикасидан эвакуация қилишни бошлади.

Маълум қилинишича, Гана репатриация жараёнини бошлаган биринчи давлат бўлди. Ҳафта давомида Йоханнесбургдан қарийб 300 киши ватанга қайтарилди, иккинчи рейс эса 31 май куни амалга оширилиши кутилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда қўшни давлатлардан келган африкалик муҳожирларга қарши ҳужумлар акс этган видеолар тарқалиши ортидан вазият кескинлашган.

Жанубий Африкадаги энг йирик диаспоралардан бирига эга Нигерия ҳам эвакуацияга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳозиргача 130 нафар фуқаро махсус рейсларга рўйхатдан ўтган. Нигерия Сенати ҳужумларни «вахшийлик» деб баҳолаб, вазиятни муҳокама қилиш учун Преторияга делегация юборишни режалаштирмоқда.

Жанубий Африка қитъанинг энг саноатлашган иқтисодиёти ҳисобланади. Мамлакатда тахминан 4 миллион муҳожир яшайди, бу аҳолининг қарийб 6 фоизини ташкил этади. Бироқ ишсизлик даражаси 33 фоизга етган.

Кузатувчилар фикрича, маҳаллий аҳолининг бир қисми иш ўринлари ва ижтимоий хизматлар танқислигида муҳожирларни айбламоқда.

Аввал ҳам мамлакатда ксенофобия билан боғлиқ қонли воқеалар кузатилган. 2008 йилдаги тартибсизликларда 60 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2015 ва 2019 йиллардаги ҳодисалар эса Жанубий Африканинг Нигерия, Зимбабве ва Мозамбик билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатган.

Жанубий Африка ҳукумати ҳужумларни қоралаган. Шу билан бирга, расмийлар ижтимоий тармоқларда дезинформация тарқатилаётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, муҳожирлар мамлакатдаги тизимли муаммолар учун ноҳақ айбдор қилиб кўрсатилмоқда. Жанубий Африка президентининг собиқ маслаҳатчиси Алан Хирш эса ҳукуматда ксенофобияга қарши кураш бўйича изчил стратегия йўқлигини танқид қилди.

Киритилди: Бугун 21:03. Ўқилди: 191 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!