Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус МВ Ҳондиус круиз кемасида ҳантавирус тарқалганидан сўнг барча мамлакатларни эҳтиёткорликка чақирди. У ҳукуматларни ЖССТ тавсияларига амал қилишга ундади. Ушбу тавсиялар 42 кунлик карантин ва мулоқотда бўлганларни доимий кузатиб боришни ўз ичига олади.
"Ҳозирча йирик эпидемия бошлангани ҳақида белгилар йўқ. Бироқ вазият ўзгариши мумкин. Вируснинг инкубация даври узоқлигини ҳисобга олсак, келгуси ҳафталарда янги ҳолатлар чиқиши эҳтимолдан холи эмас", — деди ЖССТ раҳбари Мадридда ўтказилган матбуот анжуманида.
Шунингдек, Адҳаном кемани қабул қилгани ҳамда йўловчилар ва экипажни эвакуация қилишда кўмаклашгани учун Испанияга миннатдорлик билдирди.
Аргентинадан Кабо Вердега сузиб кетаётган МВ Ҳондиус круиз кемасида уч киши — нидерландиялик эр-хотин ва Германия фуқароси ҳантавирусдан вафот этган.
Ҳозиргача вируснинг Андес варианти билан боғлиқ тўққизта ҳолат тасдиқланган. Улар орасида кемадан эвакуация қилинган Франция ва АҚШ фуқаролари ҳам бор. Бундан ташқари, Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мадриддаги ҳарбий госпиталда карантинда бўлган 14 нафар испанияликдан бирида ҳантавирус аниқланганини маълум қилди. Беморнинг аҳволи барқарор, унда енгил иситма ва нафас қисиш кузатилмоқда.
Ҳантавирус — одамга кемирувчилардан, асосан, уларнинг вирусланган ажралмалари орқали юқадиган вируслар гуруҳи. Улар ўпка ёки буйрак шикастланиши каби оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Одатда ҳантавирус кемирувчилар орқали юқади, бироқ кам ҳолларда яқин алоқа орқали одамдан одамга ўтиши ҳам мумкин. Касаллик иситма, бош ва мушак оғриқлари, кўнгил айниши ҳамда чарчоқ каби белгилар билан кечади. Вирус билан касалланиш 50 фоиз ҳолатларда ўлим билан якунланади.