Украина дронларининг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига (НҚИЗ) мунтазам зарба бериши оқибатида юзага келган ёқилғи инқирози энди Россиянинг ички муаммоси бўлмай қолди. Тақчилликни жиловлаш учун Москва расмийлари барча турдаги ёқилғи, жумладан, дизел ёқилғиси экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилди. Жаҳон бозори бунга нафақат Россия етказиб беришларига қарам бўлган мамлакатларда, балки Европа Иттифоқида ҳам нархларнинг ошиши билан жавоб қайтарди.
Россияда бензин тақчиллиги аввал ҳам кузатилган, аммо ҳозирги вазият миқёси ва давомийлиги билан ажралиб туради. Биринчи марта дизел ёқилғиси тақчиллиги ҳақида сўз юритилмоқда. Анъанага кўра, Москва ишлаб чиқарилган дизелнинг тахминан 40 фоизини экспорт қилган.
Vortexa маълумотларига кўра, 2025 йилда у жаҳон дизел ёқилғиси экспортининг тахминан 11 фоизини ташкил этган. Reuters агентлигининг ёзишича, эндиликда Россияда дизел ишлаб чиқариш ички истеъмол даражасигача қисқарди.
Бунинг оқибатларини Россия нефт маҳсулотларининг асосий харидорлари бўлган Туркия, Бразилия, Марокаш, Ливия, Гана ва Тунис кучлироқ ҳис қилади. Энергетика ва тоза ҳавони ўрганиш маркази эксперти Исаак Леви таъкидлаганидек, бу давлатлар муқобил етказиб берувчиларни излашга ва улар учун бошқа импортёрлар билан рақобатлашишга мажбур бўлади, натижада "нархлар бутун дунё бўйлаб кўтарилади".
Экспертларнинг айтишича, инқироз чўзилиши мумкин. RAND таҳлилий марказидан Майкл Бонертнинг баҳосига кўра, агар шикастланган НҚИЗлар иши тикланмаса, экспорт чекловлари ойлар давомида сақланиб қолади.
"Агар зарбалар давом этса, Россия қайсидир нуқтада дизелнинг физик тақчиллигига дуч келиши мумкин", — дейди эксперт.