Жаҳон банки Ўзбекистондаги ирригация ва дренаж инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, фермерларга ирригация хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш лойиҳасини амалга ошириш учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратади.
Лойиҳа мамлакатнинг бешта ҳудудида сув йўқотишларини қисқартириш ва суғориш тизимларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган. Ўзбекистон ҳукумати ҳам дастурни биргаликда молиялаштириш учун қўшимча 23,2 млн доллар йўналтиради.
«Ўзбекистоннинг қурғоқчил иқлими ирригацияни ялпи ички маҳсулот ва аҳоли бандлигининг тахминан 25 фоизини ташкил этувчи қишлоқ хўжалиги учун ҳаётий заруратга айлантиради. Сувнинг асосий қисми Амударё ва Сирдарёдан олиниб, кенг тармоқли каналлар орқали далаларга етказиб берилади. Қишлоқ хўжалиги мамлакатдаги барча сув ресурсларининг қарийб 90 фоизини истеъмол қилгани сабаб сувдан самарали фойдаланишни таъминлаш ўта муҳим вазифага айланмоқда. Ўзбекистонда музликлар оқимининг камайиши, сув буғланишининг ортиши, мунтазам бўлмаган ёғингарчилик ва қурғоқчиликнинг тезлашиши туфайли сув ресурслари танқислиги сезиларли даражада кучайиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, ушбу ўзгаришлар мавжуд сув ресурслари ҳажмини 30-40 фоизга қисқартириши ва шу билан бирга ирригация хизматларига бўлган эҳтиёжни 25 фоизга ошириши мумкин. Бу эса сув ресурсларига қўшимча юклама пайдо қилади», дейилади Жаҳон банки хабарида.
Ўзбекистонда ирригация инфратузилмасининг катта қисми эскирган, бу эса сувнинг сезиларли даражада йўқотилишига, ресурсларнинг ҳудудлар ўртасида нотекис тақсимланишига ва фермерларга ирригация хизматлари кўрсатиш сифатининг пастлигига олиб келмоқда.
Бундан ташқари, 2,4 млн гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш (мамлакатнинг барча суғориладиган майдонининг 56 фоизи) насослар ёрдамида сув етказиб берилишига боғлиқ. Бунинг учун 1 700 га яқин насос станцияларидан фойдаланилади, улар ҳар йили тахминан 7,2 миллиард кВт/соат электр энергияси истеъмол қилади. Бу мамлакат умумий энергия истеъмолининг қарийб 16 фоизини ташкил этади.
«Янги лойиҳа орқали Жаҳон банки Ўзбекистон сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга оширишда ҳукуматга кўмаклашади. Концепция ирригация соҳасида сув ва энергия тежамкор инфратузилмани ривожлантиришни ҳам назарда тутади», – дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Татяна Проскурякова. – «Режалаштирилган лойиҳа тадбирлари қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш, сувдан фойдаланувчиларнинг фаровонлигини яхшилаш, шунингдек, ирригация ва агросаноат соҳаларида янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради»
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида амалга ошириш учун масъул бўлади. Ушбу ҳудудларда ирригация ва дренаж инфратузилмасини модернизация қилиш ва кўрсатилаётган хизматларни такомиллаштириш орқали 2031 йилга бориб сув хўжалиги сектори самарадорлиги сезиларли даражада ошиши кутиляпти.
Режалаштирилган лойиҳа тадбирлар:
Лойиҳадан кутилаётган натижалар: