Экология вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда барқарор ландшафтларни тиклаш“ (RESILAND) лойиҳасини бошлади.
Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 153 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ва грантлар ажратилади.
Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг бешта давлатида ўрмонлар ва деградацияга учраган ерларни тиклашга кўмаклашиш бўйича минтақавий дастурнинг бир қисми ҳисобланади.
Лойиҳа мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан трансчегаравий табиий ҳудудларни қайта тиклаш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Тегишли лойиҳа тадбирлари мамлакатнинг олтита ҳудудида, жумладан, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилади.
Лойиҳа ҳукуматга Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мақсадларига эришишда ёрдам беради. Улар орасида ўрмонлар майдонини ўн йиллик охиригача 6,1 миллион гектарга етказиш ҳам бор.
Ерлари деградацияга учраган ҳудудларга дарахтлар экиш орқали лойиҳа маҳаллий ландшафтларнинг барқарорлигини ва озиқ-овқат тизимларининг маҳсулдорлигини оширади, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва шу соҳада иш ўринларини яратишга хизмат қилади.