Жаҳон банки «Украинадаги заиф муҳитда барқарор инфратузилмани яратиш» DRIVE лойиҳаси доирасида мамлакат транспорт инфратузилмасини тиклаш учун 432 миллион доллар ажратади.
Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмигал ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
«Украина транспорт инфратузилмасини тиклаш учун Жаҳон банкидан 432 миллион доллар олади. Бугун Киевда Тараққиёт вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида DRIVE лойиҳаси доирасида тегишли келишувлар имзоланди», деб ёзди у.
Шмйгалнинг сўзларига кўра, лойиҳа мамлакатнинг 19 та ҳудудидаги йўл ва кўприкларни капитал таъмирлаш, автомобиль йўлларини модернизация қилиш, модулли кўприклар ўрнатиш, шунингдек, техник ёрдам кўрсатишни назарда тутади. У Украина инфратузилмасини тиклаш ва ривожлантириш давлат агентлиги томонидан амалга оширилади.
Бош вазир маблағлар Украина буджетига қачон ўтказилиши ҳақида маълумот бермади.