Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ихтиёрий манқуртлик ёки тўйга фақат ароқ ичиш учун бориладими?

Ихтиёрий манқуртлик ёки тўйга фақат ароқ ичиш учун бориладими?

Нуронийларимиз тилида шукрона. Улар уйқуга ётишдан аввал ўтган кунига шукрона айтади. Нурафшон тонгларга етказгани учун яна шукроналар бисёр. Дунёга тинчлик, халқимизга омонлик, фарзанду набираларининг топганлари яхши кунларга, тўйларга буюришини Яратгандан ўтиниб сўрайдилар.

Замон замон бўлиб халқимизнинг кўкрагига шамол тегди, бошида Истиқлол қуёши порлади. Одамларимиз тўй-маъракасини ўзи истагандай ўтказиш имкониятига эга бўлди...

Демак, яна тўйлар ҳақида.

Ўтган асрнинг 50-, 60-, ҳатто 70-йилларида ҳам тўйлар “Топган гул, топмаган бир боғ пиёз” деганларидек “Ранг кўр, ҳол сўр” тарзида ўтказилар эди. Биласиз, беш қўл баробар эмас...

Холисона айтганда, ҳозир тўйларимиз анча-мунча тартибга келди. Қатор-қатор машиналар, ҳаддан ташқари тўкин дастурхонлар, қудалар ўртасидаги олиқ-солиқлар дегандай. Улар нисбатан ортда қолди. Аммо...

Урф-одатларимизга кўра, хонадонда тўйдан аввал ўтганлар хотираси учун хатм қилинади. Ҳозир ҳам шундай. Айрим тўйлар бошланишидан олдин тўй раиси таклифи билан шу хонадондан ўтганлар хотираси учун бир дақиқа сукут сақланади!!!. “Қачондан буён географияда бундай янгилик?”, билмадим...

Камина бу билан ўтганларни хотирлашга қарши эмас, бироқ, ҳамма гап қандай хотирлашда. Хотирлаш “маросими”гача ҳам узоқ йўл босиб келган “нозик” меҳмонлар аллақачон томоқларини “ҳўллаб” олган бўлишади. Давра “ташкилотчилари” ҳам улардан қолишмайди.

Энг даҳшатлиси, бир дақиқа сукутдан сўнг ҳамма қадаҳ уриштиришга тушиб кетади.

Муқаддас динимиз, мусулмончилигимиз талаблари қаерда қолди? “Ҳой, нега бундай қилаяпсизлар?” дейдиган одам йўқ. Ҳожиларимиз тўй давраси бошлангач, беш-ўн дақиқа ўтиб, ортиқча шовқин-суронга асаблари дош бермай кетиб қолишади...

“...Уҳуд урушидан кейин, Қуръон ҳукми билан ароқ ҳаром қилинди. Анинг ҳақида ушбу оят келди (таржимаси):

Яъни, «Эй иймон келтиргувчи мўминлар, ҳукм шулдур, бундин ўзга эмасдурким, ароқ ичмак, қимор ўйнамоқ, бутларга сажда қилмоқ, фол ўқларига ишонмоқ, мана шу тўрт нарса шайтоннинг чиқарган ишларидан энг ёмон ишдур. Албатта, бу ишлардан сақланингларким, ҳамма ёмонликлардан қутулғайсизлар. Ароқ ичиб, қимор ўйнамакда шайтон ўрталарингизда қаттиқ душманлик солгай ва яна Аллоҳни ёд қилмоқдин ва намоз ўтамакдин сизларни қолдиргай. Энди бу нарсалар инсонга шундоқ зиён келтирур эрсалар ҳам нечун улардин сақланмагайсизлар, албатта, улардан сақланинглар демакдир.

Ислом ҳукамоларининг устозларидан Абу Али ибн Сино айтибдурким: “Ичкиликка ўрганган одамлар кўпинча шол ёки қалтироқ каби қўрқинчлик дардга йўлиққайлар”. Яна Расулоллоҳ айтдилар:

“Ал хамру жаммоул исми ва уммул ҳабоис”. Яъни “Ароқ гуноҳнинг хазинаси ва барча ёмонликларнинг онаси”. Агар бир кимса ўзи била туриб, қиз фарзандини ароқхўрга берса, ул киши ўз қизини зинога тутиб берганнинг гуноҳини топгай, дедилар. Энди бундоқ бўлгач, ҳар бир мўмин-мусулмон бу оят-ҳадис мазмунига амал қилиб, бундоғ улуғ гуноҳдан ўзларини сақласинлар ва бир неча соатлик бош оғриғини кайф қилиш хаёлини хуш кўриб, дунё ва охиратларини хароб қилмасинлар”. (Алихонтўра Соғуний “Тарихи Муҳаммадий”, “Шарқ” НМАК бош таҳририяти, Тошкент-2004).

“Яна балога қолган маҳалла-да!” дейиши мумкин ушбу битикларни ўқиётган киши. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаолларининг амалга ошираётган қанчадан-қанча эзгу ишларини йўққа чиқариш, уларни ёмонотлиқ қилиш фикридан бутунлай йироқмиз. Бу ишларни маҳалла фаоллари, тўй оқсоқоллари тартибга солмаса, ким бор? Аввало, ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин!

Яқинда бир тўйда қатнашишга тўғри келди. Илгари беш вақт намозни канда қилмайдиган, хатмларда дуо ўқийдиган, ёши 80 га бориб қолган таниш бир отахон мўйлови энди сабза урган соқийнинг узатганларини ҳеч тортинмай “тортадур” қилиб турибдилар. Тўғриси, кўзларимга ишонмадим. Ёш ўтаяпти, балки, адашгандирман, деган хаёлга ҳам бордим. Йўқ, бу ўша одам. Охири, ҳеч ишонмай ёнимдагилардан сўрадим. “Ҳа, ўша киши”, деди улар...

— Нега, бунақа?

Улар елка қисишди. Столдагилардан бири “ўтганларнинг жойлари жаннатда бўлсин! Олинг-олдирманг, тагида қолдирманг!”, деб юборди. Тагида қолдиришмади...

Отахоннинг бармоқлари орасидаги битта беш мингталик пулни кўрган раққоса жилпанглаб, унинг атрофида айлана бошлади... Сўнг худди фокусчилардай юлиб кетди пулни. Қуйилган ароқ чолнинг қўлида қолди. Уни ўша раққосага узатмоқчи эди-да!

Бу орада чол стул-пстули билан орқага йиқилиб, тўй “сценарий”сидан чиқиб кетди. Атрофдаги ёшу-яланглар чолни тўйхонадан олиб чиқиб қўйишди:

— Хурмачага сиғса ичингда, мулла бобо!

Ичкилик қурғур шиша ичида жим туради, холос. Ё тавба!

Қадим тарихимиздан яхши маълумки, гулоб, шароб, май, чоғир... “давра айланган”. Кўнгилхушлик қилишган. Бу – олис мозий.

Яна бир гап: ўтган асрнинг 60-, 70- йилларида тўй даврасининг аёллар ўтирадиган томони столига аввалига Тошкент суви, кейин минерал сувлар, вино, йиллар ўтиб эса эркаклар қатори ароқ қўйиладиган бўлди. Ҳозир аёллар томонидаги ароқ шишалар тезроқ бўшаётганига нима дейсиз?!

...Нариги столда 20-25 ёшли йигитлар ўтиришибди. Чаққонгина соқий йигит байтлар ўқиб, ароқ қўяяпти. Йигит жуда мутахассис бўлиб кетган экан, 12 та қадаҳ лиммо-лим. Улардан бири ичмаслигини айтди. У яқинда ўйланган эди.

— Э.. Биласилами, бу хотинидан қўрқади! — деди гавдаси миқти, кўзлари бургутдай ўткир йигит қўлларини шоп қилиб.

— Гап қўрқишда эмас! Биласан-ку!..

— Уйландим, демоқчимисан? “Ўйланган ичмайди” деган қонун борми? Айт!

Ҳалиги йигит даврадан чиқиб кетди, унинг орқасидан кулиб қолишди.

О... ичимлик!.. Ҳозир қанча-қанча оилаларни хонавайрон қилаяпти бу дардисар. Гулдай норасидаларни тирик етимга айлантираяпти бу заҳри қотил. Айни куч-қуввати тўлиб-тошадиган 35-40 ёшли йигитлар унга бутун инон-ихтиёрини топширишаяпти, беихтиёр.

Ичган “шеримард”ни тонггача муросаю мадорага чақириш, қўни-қўшниларни безовта қилиш... Сўлоқмон эса эрталаб ҳеч нарса кўрмагандай ишхонасига йўрғалайди. Хотинини ургани, фарзандларини чирқиратгани, ота-онасига сўкингани, ҳаммаси тушда қолиб кетади... Унга ҳеч кимнинг гапи ўтмайди, ўзича. Ҳозир нима кўп – тўй кўп. Худонинг берган куни кимнингдир туғилган куни...

Ичкиликбозликка муккасидан кетган, ўзининг пиянистага айланганини тан олмайдиганларнинг эса суяги йўқ...

Шундай пайтларда дод деб юборсанг ҳам кам.

— Оталар, сиз масъулсиз!

— Оналар, бедор бўлинг!

— Келинлар, турмуш ўртоғингизнинг бу борадаги хатти-ҳаракати сизларга боғлиқ...

Кўзингизни очинг, одамлар!

Биз қаёққа қараб бораяпмиз???

Камина ароқ қўйилмаган бир неча тўйда қатнашдим. Тўғри, “Асосий нарса йўқ экан-ку!” деб даврадан чиқиб кетганлар ҳам бўлди.

Шундай тўйлардан бирида халқимизга астойдил хизмат қилиб келаётган санъаткор Қодир Жўрақулов “Мана, ароқ қўйилмаса ҳам тўй яхши ўтар экан-ку!” деб юборгани ҳамон ёдимда.

Ароқ фақат тўйда қўйилмайди. Уни истаган одам, истаган пайтида олиб ичиши мумкин...

Фарғона водийси сафаридан қайтган танишларимдан бири айтиб қолди:

— Курсдошларимдан бириникига тўйга бордим. Ароқнинг оти ҳам, зоти ҳам йўқ! Ана тўй!.. Уларда шундай муҳит ҳукмрон.

Хўш, ароқни тўйимиздан, турмушимиздан қандай қилиб нари суриш мумкин? Бу саволга дабдурустдан жавоб бериш қийин.

Ароқ ичиш ёки ичмаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Ҳеч ким бошқа одамни ётқизиб оғзига ароқ қуймайди. Пиянисталик ихтиёрий манқуртлик йўлидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек шоҳ ва шоир ичкиликни қатағон қилгани, таъқиқлагани тарихдан яхши маълум...

Ё тавба, бандасининг макрлари кўп экан. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида бутун собиқ иттифоқ ҳудудида “Ҳушёрлик” жамиятлари тузилди. Шу баҳона қанча-қанча токзорлар барбод этилди. Ичкилик туфайли анча-мунча нисбатан ҳалол раҳбарлар, кадрларга туҳмат уюштирилди. Вақтинча бўлса ҳам манфур кимсалар шум “ният”ларига етди. Бу — алоҳида мавзу, албатта. “Ҳушёрлик” жамиятини тузиб, одамларни ичкиликбозликдан қайтариб бўлмаслигини яқин тарих исботлади.

Тўй баҳона турмушимизда тобора илдиз отиб бораётган бир иллат ҳақида оз бўлса-да, фикрлашиб олдик. Одатда, тўй-маърака қилиб, кўпчиликнинг олдидан ўтган кишиларга “Тўйлар билан чарчамадингизми?” дейилади. Тўйга бориб икки-уч соат қатнашиб келганларга эса “Тўйдан ўз оёғингиз билан келдингизми?” деб, ундан ҳол-аҳвол сўраб қўйсак, ёмон бўлмас.

Бир сира тўйларга фақат созандаю хонандалар хизмат қиладиган бўлишган эди. Битта-иккита жонли ижродан кейин фонограммага ўтилиши барчага беш қўлдай аён. Раққосаларнинг давраларга яна чиқиши, пул олиш учун қийшанглаши яхшилик аломати эмас.

Давра раислари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!” деган ҳикмат бор. Шундай давра раисларига кўзингиз тушадики, уларнинг ўзлари давра бошиданоқ довдираб қолишади.

Тўйларимиз азалдан миллий қадриятларимиз қомуси бўлган.

Тўйларимиз иллатлар, одамларни бездирувчи ишкаллар, кулфатлар бешигига айланмасин. Ундан эзгулик, самимият, шукроналик уфуриб турсин...

Ихтиёрий манқуртликдан воз кечиш ўзимизга боғлиқ. Ахир, тўйга фақат ароқ ичиш учун борилмайди-ку!

Энг муҳими, ёшлар бахтли бўлишсин!

Яна бир мулоҳаза: тўйга фақат маҳалла раиси, фаоллари эмас, шу атрофдаги ҳамма бирдай масъул. Шундагина тўйларимиз ҳаққоний маънавият, қадрият, меҳру оқибат тимсоли, инсонийлик дарслиги даражасига кўтарилади.

Одил ҲОТАМОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Manba: uza.uz

Киритилди: 06:00 20.06.2019. Ўқилди: 3616 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!