Бугун 25 декабрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Италия бош вазири ўзига берилган 800 минг евролик 270 та совғани сотмоқчи эди, аммо тергов сабаб бу жараён тўхтатилди

Италия бош вазири ўзига берилган 800 минг евролик 270 та совғани сотмоқчи эди, аммо тергов сабаб бу жараён тўхтатилди

Италия бош вазири Жоржа Мелонининг хизмат вазифасини ўташ чоғида олган совғаларини сотиш режаси танланган аукцион уйининг жиноий терговга жалб қилингани сабабли кимошди савдоси бошланмасданоқ бекор бўлди. Совғалар орасида қатор давлатлар раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон президенти берган қимматбаҳо тошли маржон ҳам бор.

Савдони ўтказиш учун танланган Bertolami Fine Art аукцион уйи археологик топилмаларнинг ноқонуний савдосига оид узоқ муддатдан бери давом этаётган суриштирув доирасида тергов қилинмоқда. Италия матбуотига кўра, мазкур иш юзасидан компаниянинг асосчиси ва эгасига нисбатан фаолиятни вақтинча чеклаш чораси қўлланган.

Италия қонунчилигига биноан, бош вазир хорижий давлат раҳбарларидан қабул қилган ва қиймати 300 евродан ошадиган совғаларни шахсий мулки сифатида олиб қолиши мумкин эмас. Шу боис бундай буюмларнинг аксарияти Киджи саройидаги махсус қўриқланадиган хонада сақланади ва кенг жамоатчиликка намойиш этилмайди.

"Мелонига берилган совғалар орасида унинг 2025 йил май ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи вақтида Президент Шавкат Мирзиёев ҳадя қилган олмос, олтин ва цитрин кварц тошли маржон ҳам мавжуд", дея ёзмоқда Politico.

Бундан ташқари, совғалар орасидан Словакия президенти Петер Пеллегринидан олинган бир қути заргарлик буюмлари ҳамда Венгрия бош вазири Виктор Орбан берган чинни идишлардан иборат сервиз ва олти шиша вино, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байдендан сопол идиш, Украина президенти Володимир Зеленскийдан планшет, шунингдек, Ливия ва бошқа араб давлатларига сафарлар чоғида олинган 15 та гилам бор.

Таъкидланишича, бекор қилинган ушбу аукциондан қарийб 800 минг евро маблағ йиғилиши, тушган пулнинг асосий қисми эса хайрия ташкилотларига йўналтирилиши кутилган эди. Маблағнинг кичикроқ қисми аукцион уйининг хизмат ҳақини қоплаш учун мўлжалланганди.

Киритилди: Бугун 14:43. Ўқилди: 238 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!