Бугун 18 октябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Истанбулда 84 йилдаги энг кучли ёғингарчилик: ҳалок бўлганлар сони уч нафарга етди

Истанбулда 84 йилдаги энг кучли ёғингарчилик: ҳалок бўлганлар сони уч нафарга етди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир оқибатида юзага келган сув тошқинлари натижасида уч киши ҳалок бўлди, яна беш киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда «Ассошиэйтед пресс» агентлиги губернаторлик маълумотларига таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, шаҳардаги ёғингарчилик 1942 йилдан бери кузатилган энг кучли ёмғир бўлган. Ҳалок бўлган учинчи кишининг жасади Қағитхане туманидаги Садабот боғи яқинидан топилган. Марҳумнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.

Туркия ички ишлар вазири Мустафо Чифтчининг маълум қилишича, сув босган ҳудудлардан 2727 киши эвакуация қилинган. Қутқарув ишларида фавқулодда вазиятлар хизмати, соҳил қўриқлаш хизмати, жандармерия ва шаҳар хизматлари иштирок этмоқда.

Кучли ёғингарчилик ҳаво қатновига ҳам таъсир кўрсатди. Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги маълумотига кўра, Истанбул аэропортига қўна олмаган 43 та самолёт бошқа аэропортларга йўналтирилган.

Хавфсизлик чоралари доирасида 16 октябрь, жума куни шаҳардаги мактабларда дарслар бекор қилинди. Истанбул губернатори Довут Гулнинг таъкидлашича, қарор ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Айни пайтда мактаб биноларидаги шикастланишлар ва электр симларининг ҳолати текширилмоқда.

Туркия адлия вазири Окин Гюрлек ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилди. Тергов давомида воқеа сабаблари, эҳтимолий бепарволик ва қоидабузарликлар ўрганилмоқда.

Ёғингарчилик 14 октябрь куни Истанбулда йўллар, ерости ўтиш жойлари, турар жойлар ва тижорат биноларини сув остида қолдирган. Аввалроқ Фотиҳ туманида 14 ёшли бола сув тўпланган жойга тушиб кетиб, электр токи уриши оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

14 октябрь оқшомига қадар фавқулодда хизматларга сув тошқини, кўчкилар ва ёрдамга муҳтож одамлар ҳақида 2518 та хабар келиб тушган. Шунингдек, шаҳарда мотоцикллар ва бошқа икки ғилдиракли транспорт воситалари ҳаракатига чеклов киритилган.

Киритилди: 17:05 16.10.2026. Ўқилди: 727 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!