Бу ҳақда АОКАда “Иссиқликтаъминоти” АЖ раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилда инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш учун 500,0 млрд сўм маблағ ажратилди.
Инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2025-2029-йилларда иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,632 минг км иссиқлик тармоқларини, шу жумладан, 2025-2026 йилларда 18 та қозонхона ва 258 км иссиқлик тармоқлари янгиланади.
Ҳудудлардаги 8 та қозонхона ва 80 км иссиқлик тармоқларида қурилиш ва модернизация ишлари, 25 та “Янги Ўзбекистон” массивларида қозонхона ва иссиқлик тармоқлари қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 35 мингдан ортиқ хонадондан иборат 1 084 та кўп қаватли уйлар ва 110 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан таъминлаш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, иссиқлик таъминоти тизимини “ёпиқ” тизимга ўтказиш учун қўшимча 50 млрд.сўм маблағлар ажратилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида 9 та лойиҳа, жами қуввати 756 МВт бўлган 8 та қозонхона ва 403 км иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш, 2 105 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш режалаштирилган.
Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 83 мингдан ортиқ хонадондан иборат 1 850 та кўп қаватли уйлар ва 418 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.
Жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида Нукус ва Бухоро шаҳарлари иссиқлик таъминоти тизимларида бир вақтнинг ўзида икки турдаги энергия ишлаб чиқаришни назарда тутувчи когенерация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга старт берилади.
Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳудудлардаги 121 мингдан ортиқ хонадондан иборат 2 634 та кўп қаватли уйлар ва 480 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.