Исроил армиясининг 17 сентябр, чоршанба куни эрталаб Ғазо секторига қилган ҳужумлари натижасида камида 12 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Anadolu маҳаллий манбаларга таяниб хабар берди.
Исроил ҳаво кучлари анклав шимолидаги Ғазо шаҳрини шиддат билан бомбардимон қилмоқда.
Tall ал-Ҳава маҳалласида турар-жойга ҳаво зарбаси берилиб, 3 киши, жумладан бир аёл ҳалок бўлди.
Ғарбий Римал маҳалласидаги ҳужумда яна бир аёл ва унинг кичик қизи қурбон бўлди.
Шаҳар марказидаги “Фаластин” стадиони яқинидаги зарбада бир неча бола яраланди.
Ан-Нафақ хиёбонидаги бинога берилган зарба натижасида иморат вайрон бўлиб, кўплаб одамлар жароҳат олди.
Анклав марказидаги Нусайрат қочқинлар лагерида жойлашган уйга берилган ҳаво зарбаси оқибатида бир оила — ҳомиладор аёл, унинг турмуш ўртоғи ва фарзанди ҳалок бўлди.
Айн Жалут ҳудудида эса «эвакуация» огоҳлантиришидан кўп ўтмай берилган зарба кўплаб фаластинликларни яралади.
Хон Юнус шаҳрида Исроил вертолётлари кўчирилган фаластинликлар турган чодирларга зарба берди. Бир оиладан 3 киши ҳалок бўлди, яна кўплаб одамлар жароҳат олди. Шунингдек, ал-Маваси ҳудудида Исроил зирҳли техникалари ўт очиши натижасида бир фаластинлик бола ҳалок бўлди.