Бугун 5 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

"Исроилда аннексия режаси жадаллашмоқда: вазирлар ой охиригача қарор кутаяпти"

"Исроилда аннексия режаси жадаллашмоқда: вазирлар ой охиригача қарор кутаяпти"

Исроилда ҳукмрон “Ликуд” партияси вазирлари бош вазир Биньямин Нетаньяҳудан оккупация қилинган Ғарбий соҳилни жорий ой охиригача аннексия қилишни талаб қилмоқда.

Ҳукумат коалицияси таркибидаги “Ликуд” партияси вазирлари Биньямин Нетаньяҳуга мурожаат хатини йўллаб, унда Ғарбий соҳилни аннексия қилиш масаласини парламент таътиллари бошланишидан олдин ҳал қилишни талаб қилишди.

Исроил ОАВга кўра, мурожаатда охирги ойларда қўлга киритилган “тарихий ютуқлар” тилга олиниб, ҳукумат “суверен ҳуқуқини амалга ошириш” ҳақида қарор қабул қилиши лозимлиги қайд этилган.

Вазирлар Ғарбий соҳилни яқин ҳафталарда расман Исроилга қўшилишини талаб қилмоқда. Уларга кўра, Эронга қарши муваффақиятли ҳаракатлардан сўнг, ички таҳдидларни бартараф этиш ва “юрт қалбида янги қон тўкилишининг олдини олиш” керак.

Мурожаатда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Вашингтоннинг “стратегик ҳамкорлиги, қўллаб-қувватлови ва ёрдами” ҳам тилга олинган. Вазирлар айтишича, аннексияни айнан ҳозир амалга ошириш зарур, чунки мустақил Фаластин давлатининг ташкил этилиши Исроил учун “экзистенциал таҳдид” солади.

Молия вазири Бецалель Смотрич бу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва ҳамкасблари позициясидан мамнунлигини билдирди.

Адлия вазири Ярив Левин ҳам аннексия тарафдори эканини айтди. У: “Оккупация қилинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиш вақти келди”, — деб таъкидлади ва “бундай тарихий имкониятни қўлдан бой бериб бўлмайди”, — деди.

Унинг сўзларига кўра, бу фақат ички сиёсий курашлардан ташқаридаги “бетакрор имконият” бўлиб, Исроил ундан фойдаланиши керак.

Нетаньяҳу бошчилигидаги ултраўнг ҳукуматда аннексия ғоясини кўплаб вазирлар қўллаб-қувватлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрида Смотрич Трампнинг АҚШ президентлигида ғалаба қозониши “Ғарбий соҳилдаги фаластинлик ерларида қурилган исроиллик аҳоли пунктларини аннексия қилиш учун имконият” бўлишини айтган эди.

Киритилди: 14:05 03.07.2025. Ўқилди: 623 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!