Исроил вазирлар маҳкамаси бугун Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва маҳбусларни алмашиш бўйича келишувни кўриб чиқиши ва эҳтимол тасдиқлаши кутилмоқда.
KAN давлат телевидениесига кўра, Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху ҳукуматнинг келишувга қарши бўлган молия вазири Бецалель Смотрич мухолифати туфайли қулаш хавфи остида қолмаслигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Исроил расмийлари KAN учун вазиятни шарҳлар экан, "Агар жараён режа бўйича кетса, бугун тушдан кейин вазирлар маҳкамаси йиғилиши, кейин эса келишувни якунлаш учун ҳукумат йиғилиши ўтказилиши мумкин”, деди.
Channel 12 телевидениесининг хабар беришича, томонлар маҳбусларни озод қилиш бўйича келишувнинг асосий бандлари бўйича келишувга эришган ва ҳозирда Хамаснинг якуний жавоби кутилмоқда.
Исроил матбуотига кўра, ҳукумат аъзоларининг аксарияти ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Улар орасида Ликуд партиясидан 18 вазир, ультра-православ Шас партиясидан 6, Бирлашган Таврот яҳудий партиясидан 2 ва Миллий иттифоқ партиясидан 2 вазир бор. Бироқ миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бошчилигидаги ўта ўнгчи Оцма Йегудит партиясидан уч вазир ва Смотрих бошчилигидаги “Диний ционизм” партиясидан уч вазир келишувга қарши.
Аввалроқ Нетаньяху Смотрич билан учрашув ўтказиб, уни ташаббусни қўллаб-қувватлашга ишонтиришга урингани маълум бўлган эди. Исроил матбуотининг қайд этишича, томонлар ўт очишни тўхтатиш келишуви ва асирларни алмашиш бўйича музокараларнинг якуний босқичида.