Исроил президенти Исхак Герцог Ливан ва Эрон фуқароларига мурожаат қилиб, уларни Теҳрон бошчилигидаги Исроилга қарши коалицияга қарши чиқишга ва исён кўтаришга чақирди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Агар биз кучларимизни бирлаштириб қатъият билан ҳаракат қилсак, янада яхшироқ келажак учун имкониятга эга бўламиз. Биз радикализмнинг тарқалишини тўхтатадиган НАТОга ўхшаш минтақавий тузилмани яратишимиз мумкин, деди Герцог Саудиянинг Al Arabiya телеканали эфирида.
У ўтган ҳафта содир бўлган Эроннинг ракета ҳужумига Исроил қандай жавоб бериши мумкинлиги ҳақида маълумот бермади. Герцог “биз бу борада барча вариантларни кўриб чиқамиз” деб таъкидлади. У курашиш орқали Исроил давлати Яқин Шарқ халқларига “умид бераётгани”ни айтди.
Бу уруш бизга қарши Эрон ва унинг иттифоқчилари томонидан олиб борилмоқда. Ғазо ерости зиндонларида ҳанузгача оғир азоб-уқубатларни бошидан кечираётган 101 нафар гаровга олинганлар сақланмоқда. Биз ҳам шимолда, ҳам жанубда — Ғазо ва Ливанда урушяпмиз. Воқеалар ривожини ўзгартириш ва минтақа халқларига умид бағишлашга интиляпмиз, деди у.
Герцог буни Яқин Шарқ учун яхшироқ келажакка интилаётган мамлакатларга можарони ҳал қилишга доир янги ғоялар ва режаларни таклиф этиш учун “олтин имконият” деб атади.
Шунингдек, у Исроил халқаро ҳуқуққа риоя қилишини таъкидлаб, қўшни давлатларга ғамхўрлик билдираётганини айтди.