Исроил ҳаво кучлари Хон Юнис шаҳри яқинидаги мактабга 9 июль куни ҳужум уюштириши оқибатида камида 25 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига асосланиб, CNN нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Исроил авиацияси мактаб ҳудудини огоҳлантиришсиз ўққа тутган. Оқибатда 25 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, ўнлаб фуқаролар жиддий жароҳат олган.
“Хон Юнис шаҳри шарқидаги Абасан шаҳарчасида кўчирилган фаластинликлар яшайдиган мактаб дарвозаси нишонга олинган. Бу кўчирилган фуқароларга нисбатан даҳшатли қирғиндир”, — дейилади Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Расмийлар жароҳатланганлар сони 53 нафар эканлигини хабар қилган. Уларнинг баъзилари ўта оғир даражада жароҳатланган. Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги хабар қилинган. Ҳодисада шикастланганларнинг кўпчилиги Носир касалхонасига олиб кетилган.
Маълумот ўрнида, Исроил аввалроқ Ғазо марказидаги Фаластинлик қочқинлар бўйича БМТ агентлиги томонидан бошқариладиган мактабга ҳам зарба берган эди. Ҳужумда 16 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. UNRWA агентлигига қарашли ал-Жауний мактабида Нусейрат лагеридан кўчирилган фаластинликлар истиқомат қилаётган бўлган.