Исроил мудофаа вазири Исраэль Кац мамлакат қуролли кучлари бош вазир буйруғи билан Ливанда «қўшимча стратегик ҳудудларни эгаллаш ва ҳужумни бошлаш» топшириғини олганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур ҳаракатлар Исроилнинг чегараолди ҳудудларига ракета ҳужумларини бартараф этишга қаратилган.
💬 «Биз Галилея ҳудудлари хавфсизлигини таъминлашга ваъда берганмиз ва бу амалга оширилади», 💬 — деди Кац.
Эронга берилган зарбалардан сўнг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроил ҳудудига ўқ узишни бошлаган. Бунга жавобан Исроил армияси Байрут ва бошқа шаҳарларга зарбалар бермоқда.
Исроил ва Ливан 2024 йилда АҚШ воситачилигида бир йилдан ортиқ давом этган тўқнашувлардан кейин ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди. Ушбу тўқнашувлар «Ҳизбуллоҳ» позицияларини жиддий заифлаштирган.
«Ҳизбуллоҳ»нинг ҳозирги ҳужумлари 2024 йилдан бери Исроилга қарши илк зарбалар бўлди. Исроилнинг Байрут жанубий чекка ҳудудларига йўналтирилган ҳужумлари эса 2023–2024 йиллардаги можародан бери энг кўламлиси ҳисобланмоқда.