Англиянинг "Манчестер Сити" клуби шу ёзда рекорд даражадаги трансферни амалга ошириши мумкин.
TEAMtalk нашри берган маълумотларга кўра, "Сити" "Ньюкасл"нинг ўнг қанот ҳимоячиси Тино Ливраментони ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. "Шаҳарликлар" ушбу позициядаги ўйинчи учун амалдаги жаҳон рекордидан юқорироқ сумма таклиф қилиш ниятидалар.
Ҳозирги вақтда қанот ҳимоячиси учун трансфер рекорди Франциянинг "ПСЖ" клубига тегишли бўлиб, улар 2021 йилда Ашраф Ҳакимий учун тахминан 60 миллион фунт стерлинг тўлашган. Бу кўрсаткич "Сити"нинг ўзига тегишли бўлган Британия рекордидан бир оз юқори — клуб 2021 йилда Жоау Канселу учун "Ювентус"га 57 миллион фунт тўлаган эди.
Манбаларнинг ёзишича, Ливраменто кетган тақдирда "Ньюкасл" унинг учун 70 миллион фунт стерлинг талаб қилади, бироқ суммадан қатъи назар, бу деярли аниқ жаҳон рекордига айланади.
"Манчестер Сити" аллақачон марказий ҳимоячи (Йошко Гвардиол) учун тўланган энг йирик трансфер суммаси бўйича жаҳон рекорди билан мақтана олади, энди эса инглиз гранди худди шундай муваффақиятни қанот ҳимоячиси трансферида ҳам такрорлашга тайёр.