Бугун 31 октябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Исроил Ливанда ҳарбий операция ўтказди

Исроил Ливанда ҳарбий операция ўтказди

Хужум оқибатида ҳокимият ходими ҳалок бўлди.

Ливаннинг жанубида жойлашган Билда шаҳрида Исроил қўшинлари иштирокида ҳарбий операция ўтказилди. Ливан давлат ахборот агентлигининг маълум қилишича, дронлар ва енгил зирҳли техника ёрдамида амалга оширилган ҳужум чоғида шаҳар маъмурияти биноси ўққа тутилган. Натижада бинода бўлган маҳаллий ҳокимият ходими Иброҳим Саламе ҳалок бўлган.

Исроил армияси амалиёт "Ҳизбуллоҳ"га тегишли инфратузилмани йўқ қилишга қаратилганини билдирди. Уларга кўра, бино ичида “тўғридан-тўғри таҳдид солган шубҳали шахс” аниқланган ва ўт очиш шундан сўнг амалга оширилган. Бироқ Ливан томони ҳамда маҳаллий манбалар бинонинг “Ҳизбуллоҳ”га тегишли эканини тасдиқловчи далиллар келтирилмаганини таъкидлаб, Исроилни мамлакат суверенитетини бузганликда айблади.

Ҳодисадан кейин Билда ва унга яқин аҳоли пунктларида Исроил агрессиясига қарши норозилик намойишлари ўтказилди. Ливан бош вазири бу ҳаракатни “Ливан ҳудудий яхлитлигининг қўпол равишда бузилиши” сифатида қоралади.

Сўнгги ҳафталарда Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” ва Эрон билан боғлиқ деб баҳоланган нишонларга нисбатан ҳужумларини кучайтирган. 2024 йил охирида ҳам Исроил чегара ҳудудларига қўшин киритиб, ташкилотга жиддий зарба берилганини, жумладан унинг узоқ йиллар раҳбари Ҳасан Насруллоҳ нобуд этилганини маълум қилган эди.

Мазкур ҳодиса икки мамлакат ўртасидаги кескинлик янада кучайиши ва ҳарбий тўқнашувлар авж олиши эҳтимолини оширмоқда.

Киритилди: 22:24 30.10.2025. Ўқилди: 338 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!