Ғазо сектори жанубида жойлашган Хан-Юнус шаҳрида Исроил армияси томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми натижасида маҳаллий фуқаро Маждий Жадалланинг рафиқаси ва уч нафар фарзанди ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий манбалар хабар берди.
Ҳужум Жадалла оиласи яшайдиган уйга қаратилган бўлиб, натижада рафиқа — Асия Жадалла ва уларнинг фарзандлари — 5 ёшли Яҳё, 3 ёшли Мусо ва яқинда туғилган Иброҳим ҳалок бўлди. Янги туғилган Иброҳим Исроил бомбардимонлари бошланганидан кейин дунёга келган ва айнан шу ҳужумда ҳалок бўлди.
Ҳодиса натижасида 20 дан ортиқ инсон яраланган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари Хан-Юнусдаги ан-Наср шифохонасига олиб келинган. Шу ерда Маждий Жадалла кўз ёшлари билан оиласи билан видолашди.
«Бу болалар эди. Улар қандай гуноҳ қилган? Улар фақат ўйнашни, келажак ҳақида орзу қилишни исташган», — деди у йиғлаб.
Асия Жадалла ва унинг уч фарзанди ан-Наср шифохонаси ёнида намоздан сўнг дафн этилди.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазога қарши ҳужумлари натижасида камида 57 575 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Яраланганлар сони эса 136 879 нафарни ташкил этмоқда.