Исроил ҳарбийлари Бейрут чеккасидаги "Ҳизбуллоҳ"нинг нишонларига зарба беришни бошлади.
Бу ҳақда Исроил армияси матбуот хизмати хабар берди.
Унинг баёнотига кўра, зарбалар нишонлари Ливан пойтахтининг жанубий чеккасида жойлашган Даҳиядаги "Ҳизбуллоҳ" қуролли қанотининг 127-ҳаво кучлари бўлимидир.
Бундан сал олдин Исроил армияси нишонлар жойлашган ҳудудлар аҳолисини зудлик билан уйларини тарк этишга чақирган. Исроил охирги марта апрель ойи охирида Бейрут чеккасига зарба берган, шундан бери фақат Ливан жануби ўққа тутилган.
Кейинроқ Ал-Жазира Исроил қирувчи самолётлар ва дронлар ёрдамида Бейрутнинг жанубий чеккасида 17 марта зарба бергани ҳақида хабар берди.