Бош вазир Бенямин Нетаняху ҳукумати Ғазо секторини тўлиқ эгаллаш ва уни номаълум муддатга назорат қилиш режаларини маъқуллади. Мақсад исроилликларни ҳанузгача гаровда ушлаб турган исломий террорчи Хамас гуруҳининг қудратини йўқ қилишдир.
Бу ҳақда Исроил ҳукумати хабар берди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарққа (13-16 май) ташрифи якунига қадар гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ХАМАС билан келишувга эришилмаса, “Гидён аравалари” деб номланган тегишли ҳарбий операция бошланади. Исроил бош штаб бошлиғи ўн минглаб заҳирадаги аскарларни чақириш ҳақида ҳам маълум қилди.
Ҳамаснинг якуний мағлубияти, Исроилга кўра, юз минглаб фаластинликларнинг Ғазо жанубига кўчирилишини талаб қилади, бу эса, аллақачон ҳалокатли гуманитар вазиятни ёмонлаштириши мумкин. Исроил ҳозирда Ғазо секторининг қарийб 50 фоизини назорат қилади. Ҳамасга гаровга олинганларни озод қилиш учун босим ўтказиш мақсадида минтақага инсонпарварлик юклари икки ойдан бери бутунлай тўхтатилган. Бунинг сабаби, террорчилар БМТдан келган инсонпарварлик ёрдамини ўзлари учун сақлаб қолишлари ёки Ғазонинг энг камбағал аҳолисига ўта қиммат нархларда сотишлари. Кўпчилик фаластинликлар тўлай олмай, очликдан ўлиб кетишмоқда.
Исроил гуманитар ёрдамга ёндашувни ўзгартиришни ва уни тарқатишдан ХАМАСни чиқариб ташлашни таклиф қилмоқда. Исроил режасига кўра, Керем Шалом ўтиш жойидан ҳар куни 60 та гуманитар юк машинаси ўтади. Йўналишлар ва логистика марказларини АҚШдан келган хусусий пудратчилар бошқаради, Исроил армияси эса уларни қўриқлайди. Юкларни тушириш Рафаҳ ҳудудидаги қаттиқ назорат остидаги “стерил зона”да – террорчилар иштирокисиз амалга оширилади. Таъминот БМТ эмас, балки махсус халқаро жамғарма томонидан бошқарилиши керак.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аллақачон Исроил режасини рад этган, аммо бу унинг амалга оширилишига жиддий тўсиқ бўладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.