Исроил Европа Иттифоқига босимни кучайтириб, Эронга қарши зудлик билан санкциялар жорий этишни талаб қилмоқда. Исроил ташқи ишлар вазири Гидон Саар Буюк Британия, Франция ва Германияни (евротройка) "Snapback" механизмини ишга туширишга ва Эронга нисбатан халқаро битим — Ядровий келишув (СВПД) асосида санкцияларни тиклашга чақирди.
"Эрон халқаро мажбуриятларидан бутунлай воз кечди. Ҳаракат қилиш вақти – ҳозир", – деб ёзди Саар ижтимоий тармоқларда.
Яқинда Эрон президенти Масуд Пезешкиан МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) билан ҳамкорликни тўхтатишини эълон қилди. Унга кўра, Теҳрон БМТ агентлигига ишончини йўқотган, чунки у АҚШ ва Исроил томонидан Эрондаги ядровий объектларга қилинган ҳужумларни қораламаган.
Шунингдек, Пезешкиан таъкидлашича, МАГАТЭ Исроилнинг Димона шаҳридаги ядровий фаолиятига кўз юммоқда, Тел-Авив эса Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро шартнома (ДНЯО)га қўшилмаган.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер парламентда чиқиш қилиб, санкцияларни тиклаш масаласи муҳокамада эканини тасдиқлади. У шундай деди:
🗣 "Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши эҳтимоли мутлақо қабул қилиб бўлмайди."
📌 "Snapback" нима?
"Snapback" — бу БМТ Хавфсизлик Кенгашида овоз беришсиз ҳам Эронга нисбатан санкцияларни тиклаш имконини берадиган ҳуқуқий механизм. У фақат СВПДни имзолаган давлатлар розилиги билан ишга туширилади. Бу имконият 2025 йил октябрь ойида ўз кучини йўқотади — битим имзоланганидан 10 йил ўтгач.
АҚШ позицияси ва Трампнинг роли
Axios нашрининг ёзишича, аввалроқ Дональд Трамп Эронга нисбатан санкцияларни юмшатишни режалаштирган. Аммо Олий раҳбар Али Хоманаий АҚШ зарбаларини "самарасиз" деб атагач, Трамп бу дастурни тўхтатган ва чекловларни бекор қилишдан воз кечган. У шундай деган:
"Мен музокараларга умид қилган эдим, аммо ҳозир фақат таҳдид ва ёлғонлар келмоқда."
🇩🇪🇫🇷 Европанинг ёндашуви
Германия ва Франция етакчилари АҚШ ва Исроилнинг Эрондаги ядровий объектларга берган сўнгги зарбаларини қўллаб-қувватлади ва таҳдидни бартараф этиш кераклигини таъкидлашди.
Исроил эса айнан ҳозирги вазиятни "имконият ойнаси" деб ҳисобламоқда — Теҳронга қарши халқаро иқтисодий босимни кучайтиришга чақирмоқда.