Бугун 10 сентябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Исроил Британияга Шарқий Қуддусдаги консулликни 30 кун ичида ёпишни буюрди

Исроил Британияга Шарқий Қуддусдаги консулликни 30 кун ичида ёпишни буюрди

Исроил ҳукумати Буюк Британияга Шарқий Қуддусдаги консуллигини 30 кун ичида ёпиш талабини қўйди. Бу қарор Британия, Франция ва Канада томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларига қарши эълон қилинган санкцияларга жавоб сифатида қабул қилинган.

Исроил расмийларининг маълум қилишича, Британияга Қуддус, Ғарбий Соҳил ва Ғазо бўйича Фаластин масалаларида Британия манфаатларини ҳимоя қилувчи консуллик фаолиятини тўхтатиш учун 30 кун муҳлат берилган.

Исроил, шунингдек, 12 нафар британиялик сиёсатчининг мамлакатга киришини тақиқлади. Ғарбий Соҳилда фаолият юритаётган Британия расмийлари ва дипломатларига, шунингдек, Исроилдаги Ғазо бўйича мувофиқлаштириш марказига фаолиятини тўхтатиш ва ҳудудни тарк этиш талаби қўйилди. Исроил Британия энди Ғарбий Соҳилдаги Фаластин хавфсизлик кучларини ўқита олмаслигини ҳам маълум қилди.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Британия ҳукуматининг ҳаракатларини кескин танқид қилди. У аввалроқ Лондоннинг қарорларини «ахлоқан бузуқ» деб атаган ва Британияни Исроилнинг ички ишлари ҳамда сайлов жараёнига аралашишда айблаган эди.

Британия ташқи ишлар вазири Эд Милибэнд эса консулликни ёпиш талаби кутилмаган қарор эмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Британия ҳукумати санкциялар жорий этишнинг эҳтимолий зарар ва фойдасини баҳолаган ҳамда Исроилнинг реакциясидан қўрқиб, вазиятга аралашмасдан четда туриш мумкин эмас, деган хулосага келган.

Британия ҳукумати Ғарбий Соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларидан товарлар импортини тақиқлашдан ташқари, аҳоли пунктларига хизмат кўрсатувчи компаниялар ва шахсларга қарши қурилиш, инфратузилма, молиялаштириш ва кўчмас мулк соҳаларида ҳам чоралар кўришини маълум қилган.

Франция ва Канада ҳам Исроил аҳоли пунктларидан маҳсулотлар импортини тақиқлаш ниятини билдирган. Яна тўққиз давлат Британиянинг санкцияларини қўллаб-қувватлаган.

АҚШ эса ҳозирча Британия чораларига нисбатан эҳтиёткор муносабат билдирмоқда. АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Ғарбий Соҳилда «беқарорлаштирувчи ҳеч қандай ҳаракат»ни кўришни истамаслигини айтди, аммо Британия санкцияларига бевосита баҳо беришдан бош тортди.

Санкциялар асосан рамзий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Чунки Исроил аҳоли пунктларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар мамлакат экспортининг нисбатан кичик қисмини ташкил этади. Бироқ бу чоралар Исроилнинг халқаро майдонда дипломатик жиҳатдан тобора яккаланиб бораётганини кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида баҳоланмоқда.

Исроил Ғазодаги уруш ва Ғарбий Соҳилда аҳоли пунктларини кенгайтириш сиёсати сабаб халқаро танқидларга дуч келмоқда. Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан кўчманчилар зўравонлигининг кучайиши ҳам халқаро ҳамжамиятнинг хавотирини оширган.

Британия, Франция ва Канада 2025 йилда Фаластин давлатини расман тан олган давлатлар қаторига кирган. Улар аввал ҳам Исроил аҳоли пунктлари ва фаластинликларга қарши зўравонликда айбланган айрим исроиллик вазирлар ҳамда шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.

Киритилди: 18:50 09.09.2026. Ўқилди: 262 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!