Франциянинг Liberation ва Исроилнинг Haaretz нашрлари ўтказган қўшма суриштирувга кўра, журналистлар эҳтимолан BlackCore тузилмаси билан боғлиқ бўлган рақамли инфратузилмани ўрганган. Франция расмийлари ушбу тузилмани аввал ҳам муниципал сайловлар даврида Бўйсунмас Франция партияси номзодларига қарши олиб борилган онлайн операциялар билан боғлаган эди.
Тергов маълумотларига кўра, ҳозирда фаол бўлмаган Sadaqah Palestine («Фаластинга ёрдам») сайти ўзини уруш, қашшоқлик ва мажбурий кўчишдан жабр кўрган фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатувчи нодавлат ва сиёсатдан холи ташкилот сифатида тақдим этган.
Архив маълумотларига мувофиқ, сайтда пул хайрияларини қабул қилиш учун махсус шакл жойлаштирилган бўлган.
Liberation ва Haaretz таъкидлашича, мазкур ресурс X, Instagram ва Facebook орқали тарғиб қилинган. Нашрлар фикрича, ушбу аккаунтлар фаолияти ноаутентик хатти-ҳаракатлар белгиларини намоён этган, жумладан сохта обуначилардан фойдаланиш ва контентни мувофиқлаштирилган тарзда тарқатиш эҳтимоли мавжуд бўлган.
Суриштирув давомида сайтнинг техник инфратузилмаси аввал BlackCore билан боғланган лойиҳаларда қўлланилган серверлар ва доменлар билан алоқадор экани ҳам аниқланган.
Шу билан бирга, журналистлар Sadaqah Palestine ташкилоти Буюк Британияда расман хайрия ёки нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи далилларни топа олмаган. Ваҳоланки, лойиҳа билан боғлиқ айрим аккаунтлар айнан шу мамлакатда жойлашган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Тергов муаллифларининг қайд этишича, операциянинг асосий мақсади хайрия маблағларини ўзлаштириш, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини йиғиш ёки ҳар икки вазифани бир вақтда амалга ошириш бўлганми — бу ҳозирча аниқ эмас.
Аввалроқ Франция ҳокимияти BlackCore тузилмасига нисбатан Бўйсунмас Франция партияси номзодларига қарши эҳтимолий онлайн кампанияда иштирок этгани юзасидан суриштирув бошлаган эди.
Операция ташкилотчиларининг шахси эса ҳанузгача аниқланмаган.